Таълим | 08:57
1868
2 дақиқада ўқилади

Абитуриентлар қабули бошланди

Ўзбекистонда 2026-2027 ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига қабул жараёни бошланди. Абитуриентлар 25 июнга қадар тест синовларида иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Фото: Kun.uz

Президентнинг ПФ-81-сонли фармонига мувофиқ, олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни икки босқичда — «аввал тест, сўнг танлов» тамойили асосида амалга оширилади.

Биринчи босқичда абитуриентлар 5 июндан 25 июнгача Билимни баҳолаш агентлигининг расмий сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтади. Рўйхатдан ўтиш жараёнида фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудуди танланади.

Алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларига ҳужжат топширувчилар эса қўшимча равишда таълим йўналиши ҳамда касбий ёки ижодий имтиҳон топшириладиган олийгоҳни белгилайди.

Кириш имтиҳонлари июль–август ойларида ўтказилади. Имтиҳонлар тўлиқ якунланганидан кейин абитуриентлар 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши, таълим шакли ва танлов устуворлигини танлайди.

Тест натижалари имтиҳон топширилган куннинг эртасига эълон қилинади. Талабаликка тавсия этилганлар рўйхати эса қабул жараёнининг иккинчи босқичи тугалланганидан кейин бир ҳафта ичида маълум қилинади.

Шунингдек, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига маслаҳат бериш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда барча олий таълим муассасаларида «Қабул-2026» штаблари фаолияти йўлга қўйилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид