Ўзбекистон | 14:48 / 10.11.2025
2204
2 дақиқада ўқилади

Эндиликда соғлиқни сақлаш раҳбарларининг кунлик қабули маҳаллада ўтказилади

Президент вилоят ва туман соғлиқни сақлаш раҳбарлари, бош шифокорлар ҳамда поликлиника мудирларининг кунлик қабулларини маҳаллаларда ташкил этишни топширди. Мақсад — халқ билан бевосита мулоқотни кучайтириш, беморнинг йўлини қисқартириб, хизмат сифатига берилган холис «халқ баҳоси»ни тизимга киритиш.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда таъкидланишича, раҳбарлар қабулни тўғридан тўғри жойларда ўтказса, одамлар розилиги ортиб, тиббиёт тизимига берилган баҳо ҳаққоний бўлади. Давлат раҳбари туман ва вилоят миқёсидаги тиббиёт раҳбарларига, бош шифокорлар ҳамда поликлиника мудирларига қуйидаги саволларни ўзларига бериб, амалда ҳал этишни топширди: бемор шифохона ёки поликлиникага келганда неча дақиқа вақт сарфлаяпти? Кўрсатилган хизматдан қанчалик мамнун?

Президент раҳбарларни бемор йўлини шахсан босиб ўтишга чақирди:

«Ўзингизни беморнинг ўрнига қўйиб, эшикдан кириб врач қабулга киргунига қадар хонaма-хона юринг, рентген, лаборатория, УЗИ, ЭКГ учун бошқа-бошқа қаватларга чиқиб-тушинг — шунда одамларнинг ҳолатини тўғри тушунасиз ва бу саволларга жавоб топасиз».

Шу муносабат билан ҳар бир вилоят ва туман тиббиёт раҳбари, бош шифокор ва поликлиника мудири беморга эътиборни ошириш, хизматларни бир жойда ва тезкор кўрсатиш, навбат ва сарсонгарчиликни камайтириш учун зарур шароитларни яратиши шартлиги қайд этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид