Жаҳон | 08:10
1586
2 дақиқада ўқилади

Украина БМТ Хавфсизлик кенгашини фавқулодда йиғилишга чақирди

Украинанинг мурожаатидан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши 8 июнь куни Россиянинг сўнгги кенг кўламли ҳаво ҳужумларини муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказади. Киев халқаро ҳамжамиятни Москвага нисбатан босимни кучайтиришга чақирмоқда.

Фото: AP

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха маълум қилишича, БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши Россия томонидан амалга оширилган навбатдаги оммавий ракета ва дрон ҳужумлари муносабати билан чақирилмоқда.

Вазирнинг таъкидлашича, сўнгги ҳужумлар Москва ҳанузгача дипломатия ўрнига эскалацияни, тинчлик ўрнига эса террор усулини афзал кўраётганини яна бир бор намоён этди.

Сибиха халқаро ҳамжамият томонидан Россияга нисбатан босимни давом эттириш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этиб, бу БМТ Низоми тамойилларига ҳурматни тиклаш ва Украина президенти Володимир Зеленский илгари сурган тинчлик ташаббусини амалга оширишга хизмат қилишини билдирди.

Украина ташқи ишлар вазири мамлакатни қўллаб-қувватлаётган ҳамкор давлатларга миннатдорлик билдириб, адолатли ва барқарор тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар давом этишига умид билдирди.

Бундан аввал Украина президенти Володимир Зеленский Россия президенти Владимир Путинга очиқ мурожаат йўллаб, икки давлат раҳбарлари учрашувининг аниқ санасини белгилашни таклиф қилган эди. Унинг фикрича, Швейцария, Туркия ёки араб давлатларидан бири бундай мулоқот учун майдон бўлиши мумкин.

Зеленский музокараларга Европа давлатлари ва хавфсизлик кафолатларини таъминлай оладиган бошқа иштирокчилар ҳам қўшилиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Украина ва Европа тақдирига оид масалалар учинчи давлатлар иштирокисиз ҳал этилмаслиги лозим.

Бироқ Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумидаги чиқишида ҳозирча Зеленский билан учрашишдан маъно кўрмаётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, юқори даражадаги учрашувлар фақат урушни тўхтатиш бўйича аниқ келишувлар ишлаб чиқилгандан кейингина самарали бўлиши мумкин.

Маълумотларга кўра, 2 июнь куни Россия Украина ҳудудига яна бир йирик ҳаво ҳужумини амалга оширган. Асосий нишонлардан бири Киев шаҳри бўлган. Украина Қуролли кучлари ҳаво кучлари маълумотларига кўра, ҳужум давомида 656 та учувчисиз учиш аппарати ва 73 та ракета қўлланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид