Ўзбекистон | 22:23 / 08.06.2026
521
3 дақиқада ўқилади

Ҳарбий тиббиёт соҳасида Туркия билан ҳамкорлик ривожлантирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни мудофаа соҳасидаги айрим масалалар юзасидан тақдимот билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда ҳаво сарҳадларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш, авиация бўлинмаларини замон талабларига мос равишда қайта ташкил қилиш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Бу ишлар Ҳарбий ҳаво кучларининг жанговар қобилияти ва амалий имкониятларини янада оширишга, қўшинларнинг тезкорлиги, ҳаракатчанлиги ва замонавий таҳдидларга жавоб бериш салоҳиятини кучайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, ҳарбий тиббиёт соҳасида Туркия билан ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Президент жорий йил январь ойида Туркияга ташрифи давомида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида ҳарбий тиббиёт соҳасида таълим ва ҳамкорлик битими имзоланган эди.

Тақдимотда ушбу битим доирасида амалга оширилиши таклиф этилаётган чоралар ҳақида ахборот берилди. Мутахассисларни даволаш иши, стоматология, фармацевтика, профилактика, тиббий касб-ҳунар ва ҳамширалик олий таълими йўналишларида, магистратура ва аспирантурада ўқитиш, ҳарбий шифокорларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, тиббиётнинг илмий йўналишларида ҳамкорлик қилиш, семинар, конгресс ва симпозиумлар ўтказиш, ўқитувчи, маслаҳатчи, илмий ходим ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма машғулотлар ташкил этиш, беморларни биргаликда даволаш ҳамда тиббиёт муассасаларини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Тақдимотда мудофаа ишлари органларида чақирилувчиларни қайд этиш, тиббий ва чақирув комиссиялари фаолиятини рақамлаштириш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Мазкур жараёнларнинг шаффофлиги ва тезкорлигини ошириш, фуқаролар учун қулайлик яратиш муҳимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, мудофаа ишлари органлари фуқаро ходимларининг иш ҳақини босқичма-босқич ошириш, ҳарбий хизматчиларга Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида турар жой ижараси учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдорини кўпайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Президент қўшинларнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини ошириш, ҳарбий бошқарув ва таълим тизимига илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.

Мутасаддиларга ҳарбий таълим тизимидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, аскарларни касбга ўргатиш, уларни олий таълим муассасаларига тайёрлаш ва бунинг учун муносиб шароитлар яратиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид