Ўзбекистон | 17:18
8604
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги портлашда 6 киши ҳалок бўлган

Қарши туманида жойлашган маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида рўй берган портлаш оқибатида 6 киши ҳалок бўлиб, 5 киши жароҳатланди. Ҳодиса юзасидан Ҳукумат комиссияси ташкил этилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

ФВВ матбуот хизмати Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида рўй берган портлаш оқибатлари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этди.

Ҳолат ҳақида 8 июн куни соат 13:50 да Қашқадарё вилояти ФВБга хабар келиб тушган. Шунга кўра, 5 та қутқарув бўлинмалари соат 14:02 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 14:05 да ўраб олинган ва соат 14:55 да ўчирилган.

Дастлабки маълумотга кўра, 4 та автомобил (2 та Cobalt, 2 та газ ташишга мўлжалланган автомобил) ҳамда 2 та ер остидаги ёқилғи сақлаш резервуари ёниб зарарланган. Оқибатда 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 5 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси фармойиши қабул қилинди.

Ҳукумат комиссиясига жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, портлаш оқибатларини бартараф қилиш, ушбу бахтсиз ҳодиса келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.

Ҳозирда ёнғин содир бўлган ҳудуд тўлиқ назоратга олиниб, унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид