Жамият | 11:40
1330
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Хоразмда йирик гиёҳвандлик савдосига чек қўйилди

Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида гиёҳвандлик воситаларини етиштириш ҳамда тарқатиш билан шуғулланган шахслар фош этилди.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати

Тезкор тадбирлардан бирида 1996 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланган фуқаронинг Мирзо Улуғбек туманидаги вақтинчалик яшаш хонадони кўздан кечирилди. Текширув жараёнида пластик идишда сақланаётган гиёҳвандлик воситаси, 300 дона зип-пакет, изоленталар ва электрон тарози аниқланди.

Дастлабки суриштирувлар давомида мазкур шахс ўзининг онасига тегишли Тошкент туманидаги хонадонда гиёҳвандлик ўсимликларини етиштираётгани маълум бўлди. Ушбу манзил кўздан кечирилганда 10 туп каннабис ўсимлиги, бир туп қуритилган гиёҳвандлик воситаси, шунингдек, уларни парваришлашда фойдаланилган кимёвий воситалар ҳамда электрон тарози ашёвий далил сифатида олинди.

Яна бир ҳолатда «Самарқанд–Хоразм» йўналишида ҳаракатланаётган «Cobalt» русумли автомашина Тупроққалъа тумани ҳудудида ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, текширилди. Натижада автомашинада йўловчи сифатида кетаётган, Ургут туманида яшовчи 2003 йилда туғилган шахсга тегишли 810 грамм «опий» моддаси борлиги аниқланди.

Терговга қадар текширув давомида ушбу гиёҳвандлик воситаси қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кирилгани ва Хоразм вилоятида сотиш мақсадида ташилаётгани маълум бўлди. Ҳозирда мазкур жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар давом этмоқда.

Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид