Ўзбекистон | 15:00
895
4 дақиқада ўқилади

Yandex Pro ҳамжамияти футбол майдонида бирлашди

Тошкентдаги “Бунёдкор” футбол академиясида Yandex Pro ҳамжамияти учун ташкил этилган илк футбол турнирининг финал босқичи бўлиб ўтди. Турнирда Yandex Taxi, Yandex Taomlar, Lavka ҳамда Етказиб бериш хизматлари ҳамкорларидан иборат 32 та жамоа иштирок этди

Мусобақа давомида иштирокчилар бир неча кун давом этган саралаш ва плей-офф учрашувларида куч синашди. Финал босқичида эса энг кучли жамоалар ғолиблик учун майдонга тушди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, лойиҳа нафақат спорт мусобақаси, балки турли сервислар билан ҳамкорлик қилаётган инсонларни бир майдонда жамлаш, уларнинг ўзаро мулоқоти ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

Yandex Uzbekistan бош директори Иззат Шукуровнинг айтишича, мусобақани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад экотизимда фаолият юритаётган инсонларни янада яқинлаштириш бўлган.

“Биз ўзбекларда “меҳр кўзда”деган гап бор. Шунинг учун экотизимимизда ишлаётган инсонлар бир-бирини яқиндан кўрсин, футбол ўйнаб, жамоа бўлиб, бир-бирига яқинроқ бўлсин деган ният қилдик. Спорт орқали одамлар бир-бирига яқинлашади. Шунинг учун бундай турнирларни ўтказиш жуда муҳим деб ҳисоблайман”, — деди у.

Иззат Шукуровнинг таъкидлашича, компания йил бошидан буён Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда ва мамлакат футболини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган.

“Бугунги терма жамоамиз сафидаги футболчилар ҳам Профессионал Футбол Лигаси тизимида шаклланган спортчилардир. Шу боис келажакда терма жамоа сафидан жой олиши мумкин бўлган ёш футболчиларни бугундан қўллаб-қувватлаш керак деб ҳисоблаймиз”, — деди Yandex Uzbekistan раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, компания келгусида ҳам шу каби спорт ва жамоавий тадбирларни мунтазам ташкил этишни режалаштирмоқда.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев ҳаваскор футбол мусобақаларининг ривожланиши профессионал футбол тараққиёти учун муҳим омиллардан бири эканини таъкидлади.

“Олдин бизда фақат профессионал футбол бўлган, ўртада эса кўприк етишмаган. Бугун эса маҳаллалар, мактаблар, университетлар ўртасидаги турнирлар ва шундай ташаббуслар футболнинг оммалашишига хизмат қилмоқда. Футбол билан шуғулланувчилар қанча кўп бўлса, профессионал футбол ҳам шунча ривожланади”, — деди Диёр Имомхўжаев.

Унинг фикрича, Yandex томонидан ташкил этилган ушбу турнирнинг аҳамияти шундаки, у аввал ҳаваскор футбол мусобақалари қамраб олмаган аудиторияни ҳам футбол жараёнига жалб қилмоқда.

“Талабалар, мактаблар ёки маҳаллалар ўртасидаги мусобақалар мавжуд эди. Энди эса айнан шу йўналишда ишлаётган инсонларнинг ҳам мусобақаларга қўшилаётгани ҳаваскор футбол қамровини кенгайтиради. Бу эса жуда муҳим ютуқ”, — деди ПФЛ раҳбари.

Турнир давомида юзлаб иштирокчилар ва уларнинг яқинлари стадионга ташриф буюрди. Кўпчилик учун бу нафақат спорт мусобақаси, балки янги танишувлар, янги дўстлар орттириш ва катта ҳамжамиятнинг бир қисмига айланиш имконияти бўлди.

Yandex Pro турниридан кимдир кубок ва медаллар билан уйига қайтган бўлса, яна кимдир янги дўстлар ва ёрқин таассуротлар билан қайтди. Аммо мусобақанинг энг катта натижаси аллақачон маълум. Бу турнир турли касб ва йўналишдаги инсонларни бир майдонда бирлаштириб, жамоавийлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш каби қадриятларни яна бир бор намоён этди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мунира Тошниёзова
Тайёрлаган Мунира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш