Жаҳон | 09:02
912
2 дақиқада ўқилади

Қочқинлар сони рекорд даражада: БМТ янги ҳисоботни эълон қилди

Фото: AFP

Бутун дунё бўйлаб таъқиблар, қуролли можаролар, зўравонлик ва инсон ҳуқуқларининг бузилиши оқибатида ўз уйини тарк этишга мажбур бўлганлар сони 118 миллион нафарга етди. Бу ҳақда БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси (UNHCR) томонидан эълон қилинган янги ҳисоботда маълум қилинди.

Ҳисоботга кўра, 2026 йил бошида Ер юзидаги ҳар 70 нафар аҳолидан бири мажбурий кўчкинчи мақомида бўлган. Шу билан бирга, сўнгги ўн йилликда илк бор мажбурий кўчкинчилар сони қисқаргани қайд этилди. Хусусан, уларнинг умумий сони 5,4 миллион нафарга ёки 4 фоизга камайган.

БМТ мутахассисларига кўра, бундай ўзгаришга асосий сабаб — кўплаб одамларнинг ўз мамлакатларидаги вазият ҳануз оғир бўлишига қарамай, ватанларига қайтишни бошлаганидир. Афғонистон, Конго Демократик Республикаси, Судан ва Сурия шундай давлатлар қаторида тилга олинган.

Маълумотларга кўра, мажбурий кўчкинчиларнинг 35,6 миллион нафари қочқин мақомига эга бўлса, 68,7 миллион нафари мамлакат ичида бошқа ҳудудларга кўчишга мажбур бўлган шахслар ҳисобланади.

Шунингдек, бошпана сўраб мурожаат қилган ва қарор кутаётганлар сони ҳам ўсишда давом этмоқда. 2026 йил бошига келиб уларнинг сони қарийб 9 миллион нафарга етган бўлиб, бир йил ичида 645 минг нафарга кўпайган.

Ҳисоботда 2026 йилнинг дастлабки ойларида юз берган айрим воқеалар, жумладан, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари оқибатидаги миграция жараёнлари ҳисобга олинмагани таъкидланган. Шунингдек, табиий офатлар, иқлим ўзгариши ёки иқтисодий қийинчиликлар туфайли яшаш жойини тарк этган шахслар мазкур статистикага киритилмаган.

БМТ маълумотларига кўра, мажбурий кўчкинчиларнинг қарийб 70 фоизи беш йил ёки ундан ортиқ вақт давомида қочқин мақомида яшамоқда. Ташкилот мутасаддилари бу ҳолатни жиддий муаммо сифатида баҳолаб, уруш ва таъқиблардан қочаётган инсонларга янги имкониятлар ва келажакка ишонч беришга қаратилган ёндашувлар зарурлигини таъкидламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид