Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг 9 вилоятида сел-сув тошқинлари хавфи эълон қилинди
16–19 июн кунлари кутилaётган ёмғирлар сабаб Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқинлари юзага келиши мумкин. Ўзгидромет аҳоли, дам олувчилар ва ҳайдовчиларни эҳтиёткор бўлишга чақирди.
Гидрометеорология хизмати маълумотига кўра, 16–19 июн кунлари республика бўйлаб кузатиладиган ёғингарчиликлар айрим ҳудудларда сел келиши ва сув тошқинларини келтириб чиқариши мумкин.
Хусусан, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг тоғолди ҳамда тоғли туманларида сел-сув тошқинлари юзага келиши эҳтимоли юқори.
Мутахассислар тоғли ҳудудларда яшовчи аҳоли, сайёҳлар, дам олувчилар ва мазкур ҳудудлар орқали ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёт чораларини кўришга чақирмоқда.
Шунингдек, кучли ёмғирлар оқибатида республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир сувлари тўпланиши мумкин. Бу эса пастқам жойларни сув босиши ва транспорт ҳаракатида қийинчиликлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Мутасаддилар фуқароларга об-ҳаво маълумотларини кузатиб бориш, хавфли ҳудудларда эҳтиёткорликка риоя қилиш ҳамда зарурат бўлмаса тоғли ҳудудларга сафарларни чеклашни тавсия қилди.