Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиянинг оммавий ҳужуми: Киевда 4, Харкивда 5 киши ҳалок бўлди
Россия қўшинлари 15 июн куни тунги соатларда Украина пойтахти Киев ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларига кенг кўламли ракета ва дрон ҳужумларини амалга оширди. Ҳужумлар оқибатида камида 9 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳат олган. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Киев-Печерск лавраси ҳудудида ҳам ёнғин юзага келган.
Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко маълум қилишича, ҳужум натижасида лавра ҳудудида кучли ёнғин чиққан. Киев мэри Виталий Кличконинг сўзларига кўра, ёнғин мажмуанинг асосий ибодатгоҳи ҳисобланган Успенский собори том қисмида юзага келган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда тарихий мажмуа ҳудудини қоплаган аланга ва тутунларни кўриш мумкин. Ҳозирча мазкур ҳудудда жабрланганлар ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, ҳужумлар вақтида Киевнинг бир нечта туманларида турар жой биноларига зарба теккан. Жумладан, Печерск туманида беш қаватли, Соломенск туманида тўққиз қаватли уй зарарланган. Оболон туманида эса турар жой биноларидан бири қисман қулаб тушган.
Шевченко туманида бозор, озиқ-овқат дўкони ва бошқа фуқаролик инфратузилмаси объектларига ҳам зарар етгани хабар қилинмоқда. Шунингдек, 25 қаватли турар жой биносига ҳам зарба берилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Киевда камида тўрт киши ҳалок бўлган, 23 нафардан ортиқ одам турли даражада жароҳат олган. Ҳужум натижасида электр узатиш тармоқлари ҳам шикастланган. Бунинг оқибатида пойтахтнинг шимолий қисмида 140 мингдан зиёд абонент электр таъминотисиз қолган.
Киев-Печерск лавраси Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан буён бир неча бор зарар кўрган. 2026 йил январ ойида ҳам мажмуа ҳудуди ҳужумга учраб, узоқ ғорларга олиб борувчи галерея жиддий шикастланган эди.
ЮНЕСКО 2023 йилдаёқ Киевдаги София собори ва Киев-Печерск лаврасини Россия ҳужумлари сабаб хавф остидаги Бутунжаҳон мероси объектлари қаторига киритган. Украина томони маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери мамлакат бўйлаб 1600 га яқин маданий мерос объекти зарарланган ёки вайрон қилинган.
Россиянинг тунги ҳужумлари Харкив шаҳрини ҳам четлаб ўтмади. Украина ички ишлар вазири Игор Клименконинг билдиришича, аввалги зарба оқибатида чиққан ёнғинни бартараф этаётган қутқарувчилар жойига такрорий ҳужум уюштирилган. Натижада беш нафар қутқарувчи ҳалок бўлган, яна камида беш киши жароҳат олган.
Украина расмийлари ҳужумлар оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этаётганини билдирмоқда. Қурбонлар сони ортиши мумкинлиги истисно қилинмаяпти.