Жамият | 09:15
1589
2 дақиқада ўқилади

Электр тармоқларига улаб бериш эвазига пул олган масъуллар ушланди

Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида электр тармоқларига улаб бериш ҳамда трансформаторни алмаштириб бериш эвазига ноқонуний пул олган электр таъминоти соҳаси ходимлари ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Чилонзор тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Олмазор туман ТЭТ электромонтёри Ш.Ш. фуқаро М.М.га тегишли хонадон ҳудудидаги новвойхонани электр тармоқларига улаб бериш ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришни ваъда қилиб, 5 300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, департаментнинг Ҳазорасп тумани бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда туман электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси Р.С. ҳам қўлга олинган.

Аниқланишича, у “Б.А.” фермер хўжалиги раҳбари Ғ.А.нинг ер майдонидаги паст кучланишли трансформаторни юқори кучланишли трансформаторга алмаштириб бериш эвазига 7 миллион сўм олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид