Жамият | 08:58
437
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги кўчалардан бирига Мустафо Камол Отатурк номи берилади

Тошкент шаҳридаги муҳим кўчалардан бир қисмига Туркия Республикаси асосчиси ва биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номи берилади. Бу ҳақда тегишли президент қарори қабул қилинди.

Президентнинг 2026 йил 15 июндаги қарорига мувофиқ, пойтахтнинг Яшнобод туманида барпо этилаётган “Ўзбек-турк дўстлиги” хиёбонига туташ ҳудудда жойлашган Абдулла Қодирий кўчасининг бир қисми Мустафо Камол Отатурк номи билан аталади.

Ҳужжатга кўра, янги ном Истиқбол, Фарғона йўли ва Нукус кўчалари кесишмасидан бошланиб, Абдулла Қодирий кўчаси ҳамда Маҳтумқули шоҳкўчаси кесишмасигача бўлган ҳудудга берилади.

Қарор Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки халқ ўртасидаги тарихий дўстлик ва яқинлик ришталарини эътироф этиш мақсадида қабул қилингани таъкидланмоқда.

Мустафо Камол Отатурк XX асрда Туркия давлатчилигини шакллантирган энг муҳим сиёсий арбоблардан бири сифатида танилган. У мамлакат мустақиллиги учун курашга раҳбарлик қилган, республика бошқарув тизимини жорий этган ҳамда кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширган.

Мазкур ташаббус Тошкентда яратилаётган “Ўзбек-турк дўстлиги” хиёбони билан уйғун ҳолда икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларнинг яна бир рамзи сифатида баҳоланмоқда.

Қарорнинг амалий ижроси доирасида тегишли давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларга кўчани қайта номлаш ҳамда манзил маълумотларини янгилаш билан боғлиқ ташкилий чораларни амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид