Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта охирида ҳарорат кўтарилиши кутилмоқда
Дам олиш кунлари республиканинг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат аста-секин кўтарилади ва якшанба куни ҳаво +39…+42 даражагача исийди. Фақат айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Жума ва дам олиш кунлари республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
Фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида айрим жойларда куннинг иккинчи ярмида конвектив булутлилик ривожланиши ҳисобига, маҳаллий хусусиятга эга қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Марказий ва шарқий вилоятларда ҳаво ҳарорати +31…+34 даража атрофида, жанубда +37…+40 даражагача бўлади. Бу июнь ойининг иккинчи ярми учун иқлим меъёрлари атрофида, дейди синоптиклар.
Республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида ва чўл зонасида ушбу кунларда ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва якшанба куни ҳаво +39…+42 даражагача исийди.
Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, баъзи жойларда 13–18 метр/сониягача кучаяди, айрим жойларда чанг тўзонлар билан кузатилади. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тошкент шаҳрида 19–21 июн кунлари куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кундузи +31…+34 даража бўлади.
Шамол шарқдан 3–8 метр/сония тезликда эсади, вақти-вақти билан 12–15 метр/сониягача кучаяди, шаҳарнинг айрим жойларида чанг-тўзонлар билан кузатилади.