Авто | 09:42
644
2 дақиқада ўқилади

Rivian Teslaʼга рақобатчи автопилот тайёрламоқда

Американинг электромобил ишлаб чиқарувчи Rivian компанияси Teslaʼнинг машҳур Full Self-Driving (FSD) тизимига ўхшаш янги автопилот технологиясини жорий этишни режалаштирмоқда. Компания раҳбари Ри Жей Скаринжнинг маълум қилишича, янги тизим 2026 йил охиригача тақдим этилади.

Фото: Rivian

Rivian раҳбарининг айтишича, янги авлод автопилоти ҳайдовчи назорати остида автомобилни бошланғич нуқтадан белгиланган манзилгача мустақил бошқара олади. Бу функция жиҳатидан Teslaʼнинг Full Self-Driving тизимига жуда яқин бўлади.

Ҳозирда Rivian автомобилларида Universal Hands-Free деб номланган ёрдамчи тизим мавжуд бўлиб, у асосан белгиланган йўлларда рул ва тезликни бошқаришга ёрдам беради. Янги технология эса бурилишлар, светофорлар, айланма ҳаракат йўллари ва шаҳар кўчаларидаги ҳаракатни ҳам бошқариш имкониятига эга бўлади.

Компания режасига кўра, мазкур функция аввал иккинчи авлод Rivian автомобиллари ва янги R2 моделида жорий этилади. Кейинчалик тизим янада такомиллаштирилиб, 2027 йилда ҳайдовчининг доимий назоратисиз ҳаракатланиш имкониятини бериши кутилмоқда.

Rivian автоном ҳайдов соҳасида Teslaʼдан фарқли равишда камералар билан бир қаторда радар, ултратовуш датчиклари ва юқори аниқликдаги навигация тизимларидан ҳам фойдаланмоқда. Компания келажакда LiDAR технологиясини ҳам кенг жорий этишни режалаштирган.

Мутахассислар фикрича, Rivianʼнинг бу қадами электромобил бозорида автоном ҳайдов технологиялари бўйича рақобатни янада кучайтириши мумкин. Айниқса, Tesla, Waymo, Mobileye ва бошқа компаниялар автопилот имкониятларини кенгайтириш учун фаол кураш олиб бораётган бир пайтда Rivian ҳам ушбу бозорнинг муҳим ўйинчиларидан бирига айланишга интилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид