Жаҳон | 13:34
3567
2 дақиқада ўқилади

Қримда бензин сотиш тўхтатилди

Ёқилғи фақат ҳудуддаги ҳаёт ва хавфсизликни таъминлайдиган давлат хизматлари учунгина берилади.

Максим Чурусов / ТАСС / Profimedia

Қримда барча ёқилғи қуйиш шохобчаларида ёқилғи бериш тўлиқ тўхтатилди, деб эълон қилди яриморолнинг Россия томонидан тайинланган раҳбари Сергей Аксенов.

Бензин сотуви 21 июн куни соат 9 дан бошлаб тўхтаган. «Ёқилғи фақат Қрим республикасидаги ҳаёт ва хавфсизликни таъминлайдиган давлат хизматлари учунгина берилади, – деган Аксенов.

Қримда бензин тақчиллиги май ойидаёқ бошланганди, бунга Украина қуролли кучлари Россиянинг асосий ҳудудидан яриморолга олиб борувчи «Новороссия» трассаси орқали ҳаракат қилувчи бензин ташувчи машиналар ва бошқа юк автомобилларига мунтазам равишда дронлар билан ҳужум қилишни бошлагани сабаб бўлганди.

Шундан кейин ҳукумат бензинни талон асосида сотишни йўлга қўйган ва бир кишига бир кунда 20 литрдан ортиқ бензин сотилиши тақиқланганди. Кейинроқ чекловлар янада кучайтирилди ва бензин учун талон олиш ҳам қийинлашди, бундай талонни энди бир ҳафтада бир марта қўлга киритиш мумкин эди. 

Бензин сотишни бутунлай тўхтатиш ҳақидаги қарор Қрим ҳудуди бўйлаб навбатдаги ҳужумлар фонида қабул қилинди. Расмийларга кўра, сўнгги ҳужумлар оқибатида 14 киши жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.  Ижтимоий тармоқларда «Новороссия» трассасига ҳужумлар давом этаётгани акс этган видеолар пайдо бўлган, улардан бирида йўлда кетаётган бензовоз Hornet русумли дрон зарбасидан базўр қочиб қутулганини кўриш мумкин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид