Жаҳон | 08:30
1474
3 дақиқада ўқилади

Аҳоли географияси: дунё тўртта йирик демографик зонага ажратилди

Ер шари аҳолиси сони бугунги кунда тахминан 8,3 миллиард кишини ташкил этади. Бироқ одамлар сайёра бўйлаб бир текис тақсимланмаган. Янги инфографикада дунё харитаси аҳоли сонига қараб шартли равишда тўртта ҳудудга бўлинган бўлиб, ҳар бирида қарийб 2 миллиард нафар инсон яшайди.

Кўк ранг билан белгиланган ҳудуд энг катта майдонни эгаллайди. Унга Шимолий ва Жанубий Америка қитъалари, Европа ҳамда Осиёнинг шимолий қисми киради. Ғарбий яримшарда тахминан 1,07 миллиард киши истиқомат қилади. Европа аҳолиси эса Россия, Туркия, Арманистон, Озарбойжон ва Гуржистонни қўшиб ҳисоблаганда қарийб 843 миллион нафарни ташкил этади. Шунингдек, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ва Мўғулистонда яна 130 миллионга яқин аҳоли яшайди. Умумий ҳисобда мазкур ҳудуд аҳолиси 2,05 миллиард нафарга тенг.



Яшил рангли зона Африка, Яқин Шарқ давлатлари, Эрон, Индонезия, Австралия ва Океания мамлакатларини қамраб олади. Африка аҳолиси қарийб 1,6 миллиард кишидан иборат бўлса, Яқин Шарқ мамлакатларида (Туркиядан ташқари) 305 миллионга яқин аҳоли яшайди. Австралия ва Океания аҳолиси 47 миллион нафарни ташкил этади. Индонезияда эса тахминан 288 миллион киши истиқомат қилади. Шу тариқа ушбу ҳудуднинг умумий аҳолиси 2,21 миллиард нафарга етади.

Қизил зонага Хитой, Япония, Шимолий ва Жанубий Корея ҳамда Жануби-Шарқий Осиёнинг бир қатор давлатлари киритилган. Хитой аҳолиси 1,4 миллиарддан ошади. Хитой, Тайван, Ҳонгконг ва Макао аҳолисини биргаликда ҳисоблаганда бу кўрсаткич 1,44 миллиард нафарни ташкил этади. Японияда 123 миллион, Жанубий Кореяда 52 миллион, Шимолий Кореяда эса 26 миллион киши яшайди. Индонезиядан ташқари Жануби-Шарқий Осиё давлатлари аҳолиси 415 миллион нафарга яқин. Натижада қизил зона аҳолиси қарийб 2,06 миллиард кишини ташкил қилади.

Тўқ сариқ рангли зона майдони жиҳатидан энг кичик ҳудуд ҳисобланади. Бироқ унда дунёдаги энг кўп аҳолига эга давлат — Ҳиндистон жойлашган. Шунингдек, ҳудудга Покистон, Бангладеш, Непал, Шри-Ланка ва Бутан ҳам киритилган. Фақат Ҳиндистоннинг ўзида 1,47 миллиарддан ортиқ аҳоли яшайди. Покистон аҳолиси 259 миллион, Бангладеш аҳолиси 178 миллион кишини ташкил этади. Непалда 29,5 миллиондан зиёд, Шри-Ланкада 23 миллиондан ортиқ, Бутанда эса 802 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Умумий ҳисобда мазкур зона аҳолиси 1,97 миллиард нафарга тенг.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу рақамлар тахминий бўлиб, турли манбаларда аҳолини ҳисоблаш услублари, маълумотларни янгилаш вақти ва яхлитлаш сабабли озгина фарқ қилиши мумкин. Бироқ инфографика дунё аҳолиси сайёра бўйлаб нақадар нотекис тақсимланганини яққол намоён этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид