Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолиси сони 2018 йил 1 январь ҳолатига 32,65 млн кишини ташкил этиб, 2017 йилда 533,4 минг кишига ёки 1,7%га ўсган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 16,53 млн кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 50,6%), қишлоқ аҳолиси сони 16,12 млн кишини (49,4%) ташкил этди.

Республика ҳудудлари кесимида таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2018 йил 1 январь ҳолатига энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятида 3,71 млн кишини (республика аҳолиси сонидаги улуши 11,4%ни) ташкил этиб, кейинги ўринларда Фарғона вилоятида 3,62 млн кишини (11,1%), Қашқадарё вилоятида 3,14 млн кишини (9,6%), Андижон вилоятида 3,01 млн кишини (9,2%) ташкил этди.

2018 йил 1 январь ҳолатига аҳолиси сони 3 млн кишидан ошган ҳудудлар сони 4 тани ташкил этди.

2017 йилда 715,5 минг бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 22,1 промиллени ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 0,7 промиллега камайди (2016 йилда 22,8 промилле бўлган).

Туғилиш коэффициенти 2016 йилнинг мос даврига нисбатан Сурхондарё вилоятида ўсган (25,7 промилледан 25,9 промиллега) бўлиб, сезиларли даражада камайиш эса Қорақалпоғистон Республикасида (21,9 промилледан 20,7 промиллега), Фарғона (22,2 промилледан 21,0 промиллега), Тошкент (20,3 промилледан 19,2 промиллега), Хоразм (22,2 промилледан 21,0 промиллега), Бухоро (20,9 промилледан 20,0 промиллега) ва Жиззах (24,5 промилледан 23,6 промиллега) вилоятида кузатилди.

2017 йилда жами 715,5 минг нафар бола туғилганганлиги қайд этилган бўлиб, шундан онасининг ёши бўйича туғилганларнинг 280,8 минг нафари (жами туғилганларга нисбатан 39,2%) 20-24 ёшлардаги аёллар, 248,1 минг нафари (34,7%) 25-29 ёшдаги, 122,3 минг нафари (17,1%) 30-34 ёшлардаги аёллар ҳиссасига тўғри келган.

2017 йилда 161,5 минг ўлим қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан ўлим коэффициенти 5,0 промиллени ташкил этиб, 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 0,1 промиллега ошди (2016 йилда 4,9 промилле бўлган). 

Ўлим коэффициенти 2016 йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада ўсиши Андижон (5,1 промилледан 5,4 промиллега), Жиззах (4,2 промилледан 4,4 промиллега), Қашқадарё (4,1 промилледан 4,3 промиллега), Наманган (4,7 промилледан 4,9 промиллега), Сурхондарё (4,3 промилледан 4,5 промиллега) ва Фарғона (4,8 промилледан 5,0 промиллега) вилоятларида кузатилди. 

Жами вафот этганларнинг 8,2%и меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ёшдагиларга (2016 йилда 8,0%), 27,6%и меҳнатга лаёқатли ёшдагиларга (2016 йилда 28,5%), 64,2%и меҳнатга лаёқатли ёшдан катта ёшдагилар (2016 йилда 63,5%) ҳиссасига тўғри келди.