Жаҳон | 10:25
1177
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев ва ЕИ етакчилари ҳамкорликнинг янги босқичини бошлади

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Брюсселда Европа кенгаши раиси Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен билан музокаралар ўтказди. Томонлар учрашув якунлари бўйича стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича қўшма баёнот қабул қилди.

Фото: AP

23 июн куни Брюсселда бўлиб ўтган учрашувда Қозоғистон ва Евроиттифоқ ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Тўқаевнинг таъкидлашича, Қозоғистон ва Евроиттифоқ муносабатлари бугунги кунда ҳамкорлик тарихидаги энг юқори даражага чиққан.

«Ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муносабатларимиз ҳақиқий стратегик шериклик хусусиятини касб этди. Мен Брюсселга барча соҳалардаги ҳамкорлигимизни янада чуқурлаштириш мақсадида келдим», — деди Қозоғистон раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, музокаралар давомида имзоланган келишув ва меморандумлар икки томоннинг алоқаларни янада мустаҳкамлашга бўлган интилишини тасдиқлайди.

Тўқаев Қозоғистон Марказий Осиёда Евроиттифоқ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни (EPCA) имзолаган ва ратификация қилган биринчи давлат эканини эслатди.

Музокаралар якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда Евроиттифоқ раҳбарлари мазкур келишув доирасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.

Урсула фон дер Ляйен маълум қилишича, EPCA имзоланганидан бери ўтган ўн йил давомида Қозоғистон ва Евроиттифоқ ўртасидаги савдо айланмаси икки баравардан кўпроқ ошган.

Томонлар инвестиция муҳитини яхшилаш, муҳим хомашё ресурслари, энергетика, транспорт, рақамлаштириш ва янги технологиялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.

Учрашувда Транскаспий халқаро транспорт йўлагининг стратегик аҳамиятига ҳам алоҳида урғу берилди. Европа кенгаши раиси Антониу Кошта Қозоғистонни Европа ва Осиё ўртасидаги транспорт боғлиқлигини таъминловчи муҳим ҳалқа сифатида баҳолади.

Шунингдек, томонлар авиация соҳасидаги Горизонтал келишув имзоланганини ҳамда виза бериш тартибини соддалаштириш ва реадмиссия бўйича музокаралар муваффақиятли якунланганини мамнуният билан қайд этди.

Қайд этилишича, мазкур келишувлар Қозоғистон ва Евроиттифоқ фуқаролари ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид