Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳафта охирида ўзгарувчан ҳаво кузатилади
Шанба ва якшанба кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Ҳарорат +35…+40, жанубда +43…+44 даражагача кўтарилади. Чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
26 июн куни кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво бироз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
Шанба куни фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида айрим жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади.
Якшанба куни республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида баъзи жойларда ёмғир ёғади, айрим жойларда кучли бўлади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.
Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, баъзи жойларда 13–18 метр/сониягача кучаяди, шимолда ва чўл ҳудудларда баъзида 20–22 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Кундузги ҳаво ҳарорати аксарият вилоятларда дам олиш кунлари +35…+40 даража атрофида, якшанба куни баъзи жойларда +42 даражагача, жанубда +43…+44 даражагача бўлади. Қорақалпоғистон Рсепубликаси ва Хоразм вилоятида ҳарорат асосан кундузи +32…+37 даража, якшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси шимолида +23…+28 даражагача пасаяди.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тошкент шаҳрида бугун кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +37…+39 даража бўлади. Шанба куни қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кундузи +38…+40 даража бўлади. Якшанба куни ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кундузи +39…+41 даража бўлади.
Ҳарорат асосан кечалари +23…+26 даража бўлади. Шамол шарқдан 3–8 метр/сония тезликда эсади, вақти-вақти билан 10–12 метр/сониягача кучаяди, шаҳарнинг айрим жойларида чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.