Жамият | 10:25
1203
1 дақиқада ўқилади

Юнусободда ҳожатхонага тушиб кетган бола қутқарилди

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ҳовлидаги ҳожатхона чуқурига тушиб кетган 5 ёшли қизалоқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан тезкорлик билан қутқарилди. Болага воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилди, ҳозирда унинг аҳволи яхши.

Фото: Видеодан кадр

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилишича, ҳодиса 25 июн куни соат 17:33 да Юнусобод туманидаги Обиравон кўчасида жойлашган хусусий уйлардан бирида содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йилда туғилган қизалоқ эҳтиётсизлик ва назоратдан четда қолгани оқибатида ҳовлидаги ҳожатхона чуқурига тушиб кетган.

Хабар келиб тушгач, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, қутқарув ишларини бошлаган. Қутқарувчилардан бири ҳожатхона чуқурига тушиб, болани хавфсиз тарзда юқорига олиб чиққан.

Шифокорлар томонидан қизалоққа воқеа жойининг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Шундан сўнг у яқинларига топширилган. Маълум қилинишича, ҳозирда боланинг соғлиғи қониқарли.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ота-оналарга фарзандларини назоратсиз қолдирмаслик, айниқса ҳовлилардаги қудуқ, ҳожатхона ва бошқа хавфли жойлар атрофида болалар хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини эслатди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид