Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон жаҳон чемпионатини тарк этди
Ўзбекистон тезкор гол билан ҳисобни очганди, аммо иккинчи бўлимда Ҳусанов пеналтига сабабчи бўлди ва ҳисоб тенглашди. Қолган дақиқаларда Каннаваро шогирдлари яна иккита гол ўтказиб, мундиал билан хайрлашди.
Конголиклар энди Англия билан ўйнайди
Конго ДР – Ўзбекистон 3:1
Голлар: Шомуродов, 10 (0:1). Висса, 68 – пеналти (1:1). Майеле, 78 (2:1). Висса, 90+1 (3:1)
Конго ДР: Мпаси-Нзау, Туанзебе, Мбемба, Масуаку (Кайембе, 83), Ван-Биссака, Мутуссами (Мукау, 72), Садики, Сипенга (Бонгонда, 72), Мбуку (Элиа, 72), Бакамбу (Майеле, 51), Висса
Ўзбекистон: Неъматов, Ҳусанов, Ўрозов (Искандаров, 82), Ашурматов, Мозговой (Сергеев, 82), Шукуров (Ғаниев, 59), Насруллаев, Алижонов, Ҳамдамов (Ҳамробеков, 59), Файзуллаев (Ўрунов, 73), Шомуродов
Огоҳлантиришлар: Садики, 21. Мбуку, 45. Мутуссами, 62 – Ҳусанов, 43. Насруллаев, 48
Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги янги форматни кўпчилик танқид қилганди, лекин унинг ижобий жиҳатлари ҳам бор. Шулардан бири – сўнгги турда турнир мотивациясига эга бўлмаган жамоалар кам бўлади. Қаторасига икки ўйинда жами 8 гол ўтказиб юборган Ўзбекистон ҳам плей-оффга чиқиш учун имконият сақлаб қолганди.
Бу имконият жуда кичик эди – Конго ДР билан ўйиндан олдин Opta Фабио Каннаваро шогирдларининг 1/16 финалга чиқиш имкониятини 0,1 фоизга баҳолаётганди. Ўзбекистонликлар учинчи ўрин эгалари орасида саккизликка кириш учун рақибни етти тўп фарқи билан мағлуб этиши ва голлар нисбатини яхшилаши талаб этиларди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг бу ўйиндаги рақиби ишончли ҳимояси билан мақтана оладиган жамоа эди – конголиклар ЖЧ-2026 саралаш турнирида 12 учрашувда жами 7 гол ўтказганди.
Каннаваро Португалиядан учралган 0:5 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин яна ротацияга қўл урди, аммо жамоанинг асосий юлдузлари – Ҳусанов, Шомуродов, Файзуллаев – бошланғич таркибдаги ўрнини сақлаб қолди. Африкаликлар устози Себастиян Десабр ҳам жиддий ўзгариш амала оширди – конголиклар уч марказий ҳимоячидан иборат схемадан воз кечиб, 4-4-2 га ўтди. Француз мураббийининг қарорини тушуниш мумкин эди – Конго ДР плей-оффга чиқиши учун ғалаба қозониши талаб этиларди.
Бу ўйинда икки жамоага ҳам ғалаба кераклиги бетараф мухлислар учун ҳужумкор ўйин ваъда қилаётганди. Амалда ҳам мухлислар илк дақиқадаёқ гол кўришди. Ўйиннинг 30-сониясидаёқ Шомуродов Мпаси-Нзау қўриқлаётган дарвозани ишғол этди, аммо гол офсайд туфайли бекор қилинди.

Ўзбекистон бу билан тўхтамади ва 10-дақиқада яна гол урди: Мозговой тўпни жарима майдонига етказди, у ерда Файзуллаев тўпни тегинмай ўтказиб юборди ва унинг бу ҳаракати ҳимоячиларни чалғитди, Шомуродов эса ўткир бурчак остида турганига қарамай, нозик услубда зарба берди ва дарвозани ишғол этди.

Кўп ўтмай африкаликлар жавоб қайтаришди: Мбуку жарима майдони яқинида тўпни қабул қилиб, чап оёғида тўққизлик томон қайтариб бўлмас зарба йўллади. Аммо вазиятга VAR аралашди ва ҳужум бошланаётганда фол ишлатилгани маълум бўлиб, ушбу гол бекор қилинди.
Биринчи бўлим ўрталарида сув ичиш учун қилинган танаффусдан кейин конголиклар ўзига келди ва кетма-кет ҳужумлар уюштира бошлади, шундай ҳужумлардан бирида Висса жарима майдони марказидан зарба бериш имкониятига эга бўлди, фақат зарбага бироз аниқлик етишмади.
Бўлим охирида эса ўзбекистонликлар иккинчи голни уришга яқин келди. 38-дақиқада Ҳамдамов қанотдан узатма берди, тўп рикошет бўлиб, дарвозага кириб кетишига бир бахя қолганди, аммо Мпаси қийинчилик билан тўпни қайтариб қолди. Бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Файзуллаевнинг жарима зарбасидан кейин тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди.
Танаффусдан кейин кўп ўтмай Десабр форвардлардан бирини алмаштирди ва Бакамбу ўрнини Майеле эгаллади. Лекин иккинчи бўлимдаги илк голли вазиятни яна Шомуродов юзага келди: аммо бу сафар унинг зарбасидан кейин тўп дарвоза тўрига ташқи томондан тегди.
Африкаликлар олдинга ташланишди ва голга яқинлаша бошлашди – аввалига Неъматов Мбукунинг мураккаб зарбасини қайтарди, аммо иккинчи бўлим ўрталарида Висса жарима майдони ичида Ҳусановни ўзига фол ишлатишга мажбур қилди. «Нюкасл» ҳужумчиси 11 метрдан идеал зарба берди ва ҳисобни тенглаштирди.
Сув ичиш учун қилинган навбатдаги танаффус вақтида Десабр учталик алмаштириш қилди – Мукау, Бонгонда ва Элиа каби янги кучлар майдонга чиқиб келди. Улардан учинчиси ўйин тақдирини ҳал қилган узатма муаллифига айланди, у ҳимоячилар ортига ташлаб берган тўпга биринчи бўлиб етиб борган Майеле тўпни дарвозабон устидан ошириб, тўрга жойлади.
Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Элиа яна бир муҳим узатма амалга оширди, майдон ташқарисига чиқиб кетаётган тўпни қувиб етган (бу вазиятда барча, жумладан, ҳимоячи Алижонов ҳам шундай ўйлаган ва тўпни ҳам, рақибни ҳам таъқиб қилмасликни маъқул кўрганди) футболчи бу сафар Виссага ассистентлик қилди.
3:1 – Ўзбекистон учинчи ўйинда ҳам мағлубиятга учраб, уйга қайтадиган бўлди. Ирода кўрсатган конголиклар эса энди плей-оффда Англияга қарши кечадиган ўйинга тайёрланишни бошлаши мумкин.
Мавзуга оид
08:30
«Бу мусобақа мен учун ҳам катта тажриба бўлди» – Каннаваро
03:11
“Стратегик жиҳатдан биз ютиб бўлдик” – Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси
21:57 / 24.06.2026
Конгодаги ҳозирги Эбола эпидемияси тарихдаги энг кенг кўламлиси бўлди - ЖССТ
02:41 / 24.06.2026