Иқтисодиёт | 08:35
2109
3 дақиқада ўқилади

Қайси давлатлар энг катта валюта захирасига эга?

Дунёдаги энг йирик валюта захираларига эга давлатлар рейтингида Осиё мамлакатлари мутлақ устунлик қилмоқда. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, энг йирик ўнта захира эгасининг еттитаси айнан Осиёда жойлашган бўлиб, улар жаҳон валюта захираларининг қарийб учдан икки қисмига эгалик қилади.

Бугунги кунда энг катта валюта захираларига эга давлатлар рўйхатига назар ташланса, унинг шаклланишига қарийб 30 йил аввал юз берган Осиё молиявий инқирози катта таъсир кўрсатганини кўриш мумкин.

1997 йилдаги Осиё молиявий инқирози хориж капиталига ҳаддан ташқари қарамлик бозор беқарорлиги даврида қанчалик хавфли эканини яққол намоён этди. Шу воқеадан сўнг кўплаб давлатлар ташқи иқтисодий хатарларга қарши ҳимоя сифатида халқаро валюта захираларини фаол тўплай бошлади.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг International Reserves and Foreign Currency Liquidity (IRFCL) базасига киритилган, 2025 йил ўрталаридан 2026 йилнинг иккинчи чорагигача бўлган маълумотлар давлатларнинг олтин ҳисобга олинмаган валюта захиралари бўйича рейтингини акс эттиради.



Таҳлилларга кўра, рейтингнинг энг муҳим хусусияти — Осиё мамлакатларининг устунлигидир. Энг йирик ўнта валюта захирасига эга давлатнинг еттитаси Осиё ҳиссасига тўғри келади. Бу давлатлар жаҳон валюта захираларининг тахминан учдан икки қисмини назорат қилади.

Мутахассислар бу ҳолатни ўнлаб йиллар давомида экспортга йўналтирилган иқтисодий ривожланиш, ташқи савдодаги барқарор ижобий сальдо ҳамда давлатлар томонидан иқтисодиётни ташқи хатарлардан ҳимоя қилиш мақсадида йирик молиявий захираларни шакллантириш сиёсати билан изоҳлайди.

Валюта захиралари нима учун керак?

Валюта захиралари мамлакат учун ўзига хос «молиявий хавфсизлик ёстиғи» вазифасини бажаради. Зарур ҳолатларда марказий банклар ушбу маблағлардан миллий валютани кескин қадрсизланишдан ҳимоя қилиш, муҳим импорт маҳсулотлари учун тўловларни амалга ошириш, ташқи давлат қарзларини қоплаш ҳамда сармоядорлар ишончини сақлаб қолиш учун фойдаланади.

Захиралар қанча катта бўлса, мамлакат ташқи иқтисодий инқирозларга халқаро молиявий ёрдамсиз мустақил қарши тура олиш имконияти шунча юқори бўлади.

Йирик валюта захиралари давлатларга ташқи иқтисодий зарбаларни енгилроқ енгиб ўтиш ва молия бозорларидаги беқарорлик шароитида инвесторлар ишончини сақлаб қолиш имконини беради.

Бироқ бундай захираларни сақлашнинг ҳам ўз қиймати бор. Чунки бу маблағлар одатда хавфсиз, аммо даромадлилиги паст бўлган давлат облигацияларига йўналтирилади. Натижада ушбу ресурслар миллий иқтисодиётни ривожлантиришга сарфланмай қолиши мумкин.

Шу боис иқтисодчиларнинг таъкидлашича, ҳукуматлар молиявий хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий ўсиш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ўртасида мувозанатни сақлаши лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид