Иқтисодиёт | 10:00
2217
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркорларни текширишнинг янги тартиби белгиланди

Ўзбекистонда рақобат соҳасида тадбиркорлик субъектларини текшириш жараёнида «Хавфни таҳлил этиш» электрон тизими жорий этилади. Янги тартибга кўра, хавф даражаси паст деб баҳоланган тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказилмайди.

Адлия вазирлиги Рақобат соҳасидаги ваколатли давлат органининг тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказиш фаолиятида «Хавфни таҳлил этиш» электрон тизимини жорий этиш тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Низомга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунчилик бузилиши хавфи автоматлаштирилган тарзда баҳоланади. Бунда давлат органларининг ахборот тизимлари, статистик маълумотлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа қонуний манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланилади.

Шу билан бирга, хавф таҳлили жараёнида тадбиркорлик субъектларидан қўшимча ҳужжат ёки маълумотлар талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Хавф даражаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақобат, реклама, давлат харидлари, товар-хом ашё биржалари, шунингдек, дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ҳамда чакана савдоси соҳалари бўйича белгиланган мезонлар асосида баҳоланади.

Натижага кўра, тадбиркорлик субъектлари юқори, ўрта ва паст хавф тоифаларига ажратилади. Юқори ва ўрта хавф тоифасига кирувчи субъектларда профилактика тадбирлари ҳамда текширувлар қонунчилик асосида ташкил этилади.

Паст хавф тоифасига кирувчи тадбиркорлик субъектларида эса текширувлар ўтказилмайди.

Айни вақтда, электрон тизим орқали аниқланган хавф даражаси тадбиркорлик субъектига нисбатан тўғридан тўғри таъсир чораларини қўллаш учун асос ҳисобланмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид