Иқтисодиёт | 22:36 / 04.07.2026
1668
2 дақиқада ўқилади

Солиқ органлари тўлов жараёнларига аралашмаслиги маълум қилинди

Таъкидланишича, хўжалик юритувчи субъектлар ўзларининг ихтиёрий танлови асосида давлат реестрига китирилган тўлов ташкилотларининг QR-кодлари ҳамда банк карталари, нақд пул ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўлов усулларидан фойдаланиши мумкин. Солиқ органлари томонидан ушбу жараёнга аралашувга йўл қўйилмайди.

Сунъий интеллектда қайта ишланган сурат

2026 йил 1 июлдан барча савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар томонидан ягона QR-кодли тўлов тизими орқали тўловларни қабул қилиш мажбурийлиги белгиланди. Солиқ қўмитаси мазкур тартиб бўйича тушунтириш берди.

Қўмитанинг билдиришича, бу талаб тўловлар фақат ягона QR-код орқали қабул қилиниши шарт дегани эмас.

“Ягона QR-код харидор учун қўшимча тўлов усулларидан бири сифатида мавжуд бўлиши керак, холос. Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар ўзларининг ихтиёрий танлови асосида давлат реестрига китирилган тўлов ташкилотларининг QR-кодлари ҳамда банк карталари, нақд пул ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа тўлов усулларидан фойдаланиши мумкин”, дейилади қўмита изоҳида.

Қайд этилишича, солиқ органлари томонидан ушбу жараёнга аралашувга йўл қўйилмайди.

“Таъкидлаш керакки, Солиқ қўмитаси ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини белгилаш ваколатига эга орган ҳисобланмайди. Агар солиқ ходимлари томонидан давлат реестрига киритилган тўлов ташкилотларининг QR-кодларини олиб ташлаш бўйича ноқонуний ҳаракатлар бўлса, бу ҳақда Солиқ қўмитасининг 71 244-98-98 рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилиши мумкин”, дейилади қўмита расмий муносабатида.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид