Visa-карта аксарият банкларда бепул ва бир неча дақиқа ичида тайёр бўлади. Қайси банкларда расмийлаштириш шартлари қулайлиги, расмийлаштириш учун нима кераклиги ва карталарнинг ўзаро фарқлари ҳақида тушунча берамиз.

Ўзбекистонда Visa-картани қаерда очиш мумкин?

Ўзбекистонда Visa-карта давлат, хусусий ва рақамли банклар томонидан чиқарилади. Аксарият карталар — дебет карталари. Виртуал Visa ҳамма банкларда ҳам авжуд эмас, премиал карталарни эса (Platinum, Signature, Infinite) чекланган Visa ҳамкорлари чиқаради.

Мақолада Visа расмий сайтида Ўзбекистондаги ҳамкорлар сифатида кўрсатилган банкларнинг маълумотларидан фойдаланилган.

Ўзбекистонда Visa тўлов тизими билан расман ишлайдиган банклар.

Visa-карта турлари

Ўзбекистонда Visa-карталар ишлаш принципига кўра фарқланади. Бу хорижда ёки интернет орқали тўлаш имкониятига таъсир қилмайди, лекин картадан фойдаланиш шаклини белгилайди.

  • Дебет Visa карта банк ҳисобрақамига бириктирилган ва пластик карта шаклида чиқарилади. У барча базавий вазифалар: онлайн-тўлов, хорижга сафар, нақд пул ечиш ва терминал орқали тўловлар учун мос келади.
  • Виртуал Visa картадан асосан онлайн-тўловлар, обуналар ва хорижий валютадаги сервислар учун тўловларда фойдаланилади. Бундай карталар кўпинча тезроқ расмийлаштирилади ва арзонроқ бўлади, қатор банкларда эса бепул чиқарилади.
Дебет ва виртуал Visa-карталари.

Агар карта фақат обуна ва интернет-тўловлар учун керак бўлса, виртуал Visa кифоя. Сафарлар ва доимий офлайн-тўловлар учун дебет карта қулайроқ.

Visa карта тоифалари

Classic'дан то Infinite’гача барча Visa-карталари тўловлар ва хорижга сафарларда бир хил ишлайди. Тоифалар орасидаги фарқ тўловларда эмас, балки хизмат кўрсатиш шартлари ва қўшимча хизматларда.