Технология | 00:19
2447
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёдаги ҳар иккинчи балиқ танасида микропластик борлиги аниқланди

Томск давлат университети, Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти ва Андижон давлат университети олимлари Сирдарёнинг ирмоқлари — Чирчиқ ва Қорадарё дарёларидаги 61 турдаги балиқлар организмида микропластик мавжудлигини текширдилар.

Тадқиқот натижаларига кўра, ўрганилган балиқларнинг 60,7 фоизи организмида пластик заррачалари аниқланган. Ҳар бир балиқда ўрта ҳисобда 2,61 пластик заррачаси бўлиб, бу қарийб 11,5 микрограмм пластикка тенг.

Аниқланган заррачаларнинг катта қисми (Қорадарёда 89,7 фоиз ва Чирчиқда 93 фоиз) жуда ингичка микротолалардан иборат.

Биологлар балиқлар организмида пластикнинг 15 турини аниқладилар. Энг кўп учраган пластик полиэтилентерефталат, полипропилен ва полиамид (ПА) бўлиб, шунингдек, тўқимачилик саноатида кенг қўлланиладиган ярим синтетик вискоза толалари ҳам топилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, пластик балиқларга икки хил зарар етказади. Механик таъсир натижасида қаттиқ толалар ҳазм қилиш тизими шиллиқ қаватини шикастлайди, иштаҳани пасайтиради ва ривожланишни секинлаштиради. Пластик таркибидаги заҳарли қўшимчалар ва мономерлар орқали етадиган кимёвий таъсир эса балиқларнинг эндокрин ва иммун тизимлари фаолиятини издан чиқариши мумкин.

Олимлар балиқ турлари, жинси ёки озиқ занжиридаги ўрни бўйича фарқларни топишмади — пластик барча турдаги балиқларда аниқланган. Бироқ бир қонуният тасдиқланди: балиқ қанчалик йирик бўлса, унинг организмида пластик шунчалик кўп тўпланади.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид