Жаҳон | 11:56
2838
9 дақиқада ўқилади

АҚШ Эронга жавоб зарбалари йўллади ва нефт сотувини яна тақиқлади

Ҳўрмуз бўғози яқинида, Ўмон ҳудудий сувларидаги учта савдо кемасига қилинган ҳужумга жавобан АҚШ ҳарбийлари Эрон бўйлаб зарбаларнинг янги сериясини амалга оширди, шунингдек, Теҳронга нефт сотишга рухсат берувчи лицензия бекор қилинган. Мўрт келишув яна хавф остида қолган, бу вақтда Америка президенти Туркияда НАТО саммитида қатнашмоқда.

Фото: Reuters

АҚШ Марказий қўмондонлиги Америка ҳарбийлари халқаро сувларда савдо кемаларига қайта бошланган ҳужумларга жавобан жиддий талафот етказиш мақсадида Эронга бир қатор «кучли» зарбалар берганини маълум қилди.

«Зарбалар Эроннинг Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган учта савдо кемасига қилган ҳужумига жавобан берилди. Эрон томонининг тажовузи асоссиз ва хавфли бўлиб, ўт очишни тўхтатиш режимининг очиқдан очиқ бузилиши эди», – дейилади баёнотда.

Сешанба куни Ҳўрмуз бўғозида иккита, душанба куни эса яна бир танкер ҳужумга учраганди. Қатар Эронни суюлтирилган газ ташувчи танкерга ҳужум қилишда айблади; кема машина бўлинмасида ёнғин юзага келган. Экипаж аъзолари эвакуация қилинган, Reuters манбалари хабар беришича, ёнғин портлашга олиб келиши мумкин эди. Шунингдек, ОАВ Ўмон қирғоқлари яқинида Саудия Арабистони байроғи остида сузган танкер шикастлангани ҳақида ҳам хабар берди. Теҳрон бу ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

АҚШ ҳарбийлари Эроннинг ҳаво мудофааси ва соҳил кузатуви тизимлари, шунингдек, ракета ва дронларни учириш қурилмалари ҳамда порт иншоотларига зарба берди, дея маълум қилган ОАВга Америка расмийси.

Кейинроқ Марказий қўмондонлик янги зарбалар сериясини якунлагани ва 80 дан ортиқ нишонлар – ҳаво мудофаа тизимлари, бошқарув пунктлари, соҳил радиолокацион станциялари, кемага қарши ракета тизимлари ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг кичик катерларини йўқ қилганини маълум қилди.

Axios манбаси сўзларига кўра, янги зарбалар июн ойи охирида берилган сўнгги зарбаларга қараганда тўрт-беш баравар кучлироқ бўлган. CNN суҳбатдоши эса бу зарбаларни «жазо» деб атаган ва зарбалар давом этишини қўшимча қилган.

Эрон давлат нашрлари Бандар-Аббос ва Сирик порт шаҳарларида, шунингдек, Кешм оролида портлашлар содир бўлгани ҳақида хабар берди.

Тинч аҳоли орасида ҳалок бўлганлар ҳақида маълумотлар йўқ, Сирикдаги порт ҳудудига тушган снаряд парчалари туфайли бир неча киши жароҳатланган.

Сирик ва Бандар-Аббосдаги балиқчилик пирслари (кемаларга юк ортиш ва тушириш, шунингдек, йўловчиларни чиқариш учун қурилган, сув ичкарисига кириб борган гидротехник иншоот, причал) ҳужумга учраган, бир неча балиқчилик кемалари ёниб кетган. Эроннинг IRIB давлат телеканали хабар беришича, бу ҳужум нишони Бандар-Аббосдаги телекоммуникация минораси бўлиши мумкин.

Press TV канали ҳам Эрон нефтининг асосий экспорт маркази бўлган Харк оролида «бир неча портлашлар» эшитилгани ва Кешм оролида янги портлашлар тўлқини ҳақида хабар берди.

Сулҳ хавф остида

Сўнгги зарбалар алмашинуви АҚШ ва Эронни жавоб чораларининг янги циклига олиб бориши мумкин, бу эса икки давлат президентлари томонидан уч ҳафтадан камроқ вақт олдин имзоланган ўзаро англашув меморандумига таҳдид солади, деб ёзади Axios.

АҚШ Молия вазирлиги сешанба куни Эронга нефт сотишга рухсат берувчи истисноларни бекор қилганини эълон қилди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу қарорни қоралаб, уни ўзаро англашув меморандуми шартларининг бузилиши деб атади. АҚШ бу ҳақда эълон қилганидан кейин нефт нархи 3 фоиздан кўпроққа ошди.

Эроннинг асосий музокарачиси Муҳаммад-Боқир Ғолибоф Х ижтимоий тармоғида нефт санкциялари қайтарилиши, Эрон жанубига ҳужумлар ва янги зарбалар бериш ҳақидаги доимий таҳдидлар Теҳроннинг позициясини ўзгартира олмаслигини таъкидлади: «Қўрқитиш ва товламачилик даври тугади. Бу ҳеч нарсага олиб келмайди. Биз таслим бўлмаймиз».

Ўз навбатида, «Хатам ал-Анбиё» марказий штаби Эрон қуролли кучлари «тажовузга жавобан қақшатқич зарба бериши»ни ва «Ҳўрмуз бўғозини бошқаришга аралашишга ҳеч қанақасига йўл қўймаслиги»ни билдириб, баёнот берган.

Кувайт армияси чоршанба тонгида мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ракета ва дронлар орқали қилинган ҳужумни қайтарганини маълум қилди.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги уруш июн ойида эришилган вақтинчалик тинчлик келишуви доирасида тўхтатилганди, 60 кунлик сулҳ даврида эса якуний келишув бўйича музокаралар ўтказилиши кўзда тутилганди. Қатарда ўтган ҳафта бўлиб ўтган музокараларда урушни бутунлай тўхтатиш ва Ҳўрмуз бўғозидан фойдаланиш масаласида сезиларли силжишга эришилмади.

Трамп бир неча бор Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш билан таҳдид қилди, у бу ҳақда охирги марта душанба куни журналистлар қаршисида ҳам айтганди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи бунга жавобан «агар таҳдидлар сақланиб қолса», якуний келишув бўйича музокаралар бошланмаслигини айтди. «Ўзингиз қўйган имзони ҳурмат қилинг», – деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Axios маълумотларига кўра, Трамп Эронга янги зарбалар беришдан олдин Анқарада Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет, АҚШ давлат котиби Марко Рубио, молия вазири Скотт Бессент ҳамда Қўшма штаб бошлиқлари қўмитаси раиси Дэн Кейн билан учрашган.

Аввалроқ америкалик мулозим музокарачилар Эрон билан якуний келишув устида виждонан ишлашда давом этаётгани, Ҳўрмуз бўғози устидан назорат эса Теҳронга таъсир кўрсатиш воситаларини тақдим этиб, дунёдаги энг кучли армия билан муносабатлар боши берк кўчага кириб қолишига имкон бераётганини таъкидлаган эди, деб ёзади Reuters.

Вақтинчалик сулҳ доирасида АҚШ Молия вазирлиги 22 июн куни Эрон нефт хом ашёси, нефт-кимё маҳсулотлари ва нефт маҳсулотларини сотишга рухсат берувчи лицензия (амал қилиш муддати 21 августгача) берганди. Сешанба куни ушбу лицензия бекор қилинган, Вашингтон ҳар қандай савдо келишувларини тўхтатиш учун Теҳронга 17 июлгача муҳлат берган.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу қадамни урушни тўхтатиш бўйича доиравий келишувни бузиш сифатида қоралади ва АҚШ бунинг оқибатлари учун жавобгар бўлишини айтди. Чоршанба куни эрталаб вазирлик Эрон ўз манфаатлари ва миллий хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун зарур деб ҳисоблаган ҳар қандай чораларни кўришини маълум қилди.

«Бу Қўшма Штатлар тўғридан тўғри ёки Исроил режимининг Ливанга қарши ҳаракатлари орқали сўнгги 20 кун ичида меморандумнинг турли бандларини бир неча бор ҳам кичик, ҳам жиддий тарзда бузгани фонида содир бўлмоқда», – дейилади вазирлик баёнотида.

Дастлаб Эрон ҳужум қилган

Бир кун аввал Қатар Эронни Ҳўрмуз бўғози яқинидаги кемаларга, жумладан, Қатарнинг суюлтирилган табиий газ ташувчи танкерига ҳужум қилишда айблаганди. Маълум қилинишича, кема тунда дрон ҳужумиг учраган ва натижада машина бўлимида ёнғин чиққан. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Қатарнинг айбловлари ҳайрон қолдиргани, Теҳрон ўз мажбуриятларини виждонан бажараётганини билдирди, шу билан бирга, тижорат кемалари Эрон билан келишилмаган йўналишлардан фойдаланиши хавфли эканидан огоҳлантирди.

Сулҳ доимий келишув бўйича музокаралар учун 60 кунлик муддат бериши керак эди, бироқ Қатардаги билвосита музокаралар ўтган ҳафта ҳеч қандай силжишсиз якунланди.

Урушни қайта бошлаш билан бир неча бор таҳдид қилган Трамп душанба куни Оқ уйда журналистларга шундай деди: «Биз ё келишувга эришамиз, ёки бошлаган ишимизни якунлаймиз... Биз уларнинг кўприкларини бир соатда вайрон қилишимиз, энергия таъминотини ишдан чиқаришимиз мумкин».

Axios ва CNN манбаси АҚШнинг Эрондаги нишонларга янги зарбаларини «»Эрон томонидан Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган тинч кемаларга қарши амалга оширилган халқаро терроризм ҳаракатларининг бевосита натижаси» деб атади. «Эронликлар ўз бемаъни ҳаракатларининг оқибатларини билишади, аммо барибир бу ҳужумларни амалга оширишга қарор қилишди», – дейди америкалик мулозим.

Минтақадаги баъзи давлатлар АҚШ ва Эронга ҳарбий ҳаракатларнинг янада кучайишининг олдини олиш ва ўт очишни тўхтатиш режимини сақлаб қолиш учун сигналлар юбормоқда, деган CNN’га ҳудуддаги манба.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид