Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда тор хонада бир неча йил сақланган 16 бола топилди
АҚШда шокка туширувчи воқеа содир бўлди: Оҳайо штатида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 16 нафар болани топди, тергов маълумотларига кўра, улар бир неча йил давомида ахлат ва чиқиндилар орасида бир хонада сақланган.
Америка Қўшма Штатларининг Оҳайо штатида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари бир неча йил давомида деярли бир хонада ўта антисанитария шароитида яшаган 16 нафар болани аниқлади. Уларнинг ёши 18 ойликдан 18 ёшгача.
Associated Press хабарига кўра, полициячилар Хамден қишлоғидаги уйни тинтув қилиш пайтида болаларни топиб олган. Тергов маълумотларига кўра, улар ахлат ва инсон чиқиндилари орасида сақланган, яхши парвариш қилинмаган ва ташқи дунёдан деярли бутунлай ажратилган. Уларнинг кўпчилиги ривожланишда жиддий орқада қолган, баъзилари эса ҳеч қачон мактабга бормаган.
Топилгандан сўнг, барча болалар ижтимоий хизматлар назоратига топширилди. Етти нафари шифохонага ётқизилди, икки нафарининг аҳволи оғир.
Иш бўйича тўрт нафар катта ёшли шахс - болаларнинг ота-онаси, шунингдек, бувиси ва бобоси ҳибсга олинган. Уларга вояга етмаганларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиш бўйича 16 та айблов эълон қилинди. Барча айбланувчилар айбсиз эканлигини айтди.
Тергов давом этмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари болалар қандай қилиб ижтимоий хизматлар эътиборини тортмаган ҳолда бундай шароитда узоқ вақт қолиб кетганини аниқламоқда.