Жамият | 10:50
793
1 дақиқада ўқилади

Сербиядаги ўзбекистонликка бепул авиачипта олиб берилди

Сербияда оғир моддий аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаросига юртга қайтиши учун бепул авиачипта олиб берилди. Амалий ёрдам Ўзбекистоннинг Будапештдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Фото: Дунё

«Дунё» ахборот агентлиги маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Будапештдаги элчихонаси Консуллик бўлимига Сербияда бўлиб турган фуқаро М.Б. ватанга қайтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Аниқланишича, фуқаронинг оғир аҳволга тушиб қолишига Сербиядаги иш берувчи томонидан меҳнат шартлари ва эришилган келишувларга амал қилинмагани сабаб бўлган. Бунинг оқибатида у моддий қийинчиликка дуч келиб, Ўзбекистонга мустақил равишда қайтиш имкониятини йўқотган.

Элчихона томонидан кўрилган чоралар ва ўзаро келишувлар натижасида Ўзбекистон фуқароларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ватандошга бепул авиачипта расмийлаштириб берилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари чет элда бўлиб турган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, зарур ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш ишларини изчил давом эттирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид