Авто | 18:58
756
2 дақиқада ўқилади

McLaren афсонавий V8 суперкарининг якуний версиясини тақдим қилди

McLaren ўзининг замонавий тарихидаги энг муваффақиятли боблардан бирига расман нуқта қўйди.

Фото: McLaren

Британиялик автомобил ишлаб чиқарувчи 720S/765LT/750S оиласидаги соф бензинли V8 даврини якунловчи чекланган сериядаги хайрлашув версияси – 788HS моделини тақдим этди. Special Operations (MSO) бўлими томонидан яратилган ушбу модел трекка хос хусусият, Формула-1 руҳидаги аэродинамика ва юксак даражадаги эксклюзивликни ўзида мужассам этган.

2017 йилда бошланган даврнинг интиҳоси

Инқилобий 720S билан бошланган бу моделлар экстремал 765LT ва ҳозирги 750S моделлари билан давом этди. Бу йиллар давомида McLaren’нинг V8 суперкарлари дунёдаги энг зўр драйвга эга автомобиллардан бири деган ном қозонди. 788HS эса ушбу платформанинг энг қудратли ва мукаммал вакили сифатида якуний аккордга айланмоқда.

Модель 788HS (High Sport) деб номланди. Ундан жами 200 дона ишлаб чиқарилади: 100 таси купе ва 100 таси спайдер. Ҳар бир автомобилни MSO орқали харидорнинг шахсий талабларига мослаб буюртма қилиш имконияти мавжуд бўлади.

Техник хусусиятлари: қудрат ва енгиллик

  • Двигател: 4,0 литрли twin-turbo V8, 788 от кучи ва 800 Нм айлантирувчи лаҳзага эга.

  • Узатма: орқа ғилдиракларга.

  • Вазни: тахминан 1265 кг (карбон толасидан кенг фойдаланилгани туфайли).

  • Аэродинамика: қайта ишланган орқа антиқанот, олд қисмнинг янги элементлари, 765LT моделига қараганда 10% кўпроқ босим кучи. Фаол аэродинамика ва диффузор пойга технологияларидан илҳомланиб яратилган.

  • Тормозлар: McLaren Senna моделидан олинган карбон-керамик тормоз.

  • Салон: карбондан ясалган чўмичсимон ўриндиқлар ва пойгага хос максимал минимализм.

Модел асосан трекка мўлжалланган, бироқ кундалик йўллар учун суперкарнинг характерини ҳам сақлаб қолган. Кутилаётган динамик кўрсаткичлар ўз синфидаги энг яхшиларидан бири бўлиши кутилмоқда: 100 км/соат тезликка 2,5–2,7 сония оралиғида эришади ва максимал тезлиги соатига 330 км дан ошади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид