Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сув тармоқларидаги қонунбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Ўзбекистонда сув таъминоти ва оқова сув тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда тўлов интизомини бузиш ҳолатларига қарши назорат чоралари кучайтирилмоқда. Жорий йил бошидан буён 6 447 та қонунбузарлик аниқланиб, улар оқибатида жамият манфаатларига 103,4 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган қонунбузарликлар натижасида келтирилган зарарнинг 22,3 млрд сўмлик қисми қопланиши таъминланган.
Маълум қилинишича, сув таъминоти ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Шу муносабат билан истеъмолчилар ўртасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, тўловларни амалга ошириш учун қулай ва замонавий тўлов хизматларидан фойдаланиш имкониятлари яратилган.
Қарздорликларни қисқартириш мақсадида жорий йилда 68,7 минг нафар қарздор истеъмолчига нисбатан фуқаролик ва иқтисодий судларга жами 196,8 млрд сўмлик даъво аризалари киритилди. Ҳисобот даврида республика бўйича 20 минг нафар жисмоний ва юридик истеъмолчи қарздорлиги сабабли сув таъминоти тармоғидан вақтинча узилган.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 252 млрд сўмга, яъни 31 фоизга камайтирилди.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сув хизматлари сифатини янада яхшилаш мақсадида 2026 йил охиригача амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Шу билан бирга, фуқаролар сув таъминоти ва канализация тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари ҳақида маълумотга эга бўлса, акциядорлик жамиятининг 55 503-10-55 ишонч телефони ёки ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали хабар беришга чақирилди.