Спорт | 16:35
2640
11 дақиқада ўқилади

ЖЧ анонси. Испания ҳимояси Франция ҳужумини тўхтата оладими?

Испанлар қандай ўйнаши – барчага маълум, французлар-чи?

Фото: «Чемпионат»/Getty Images

Франция – Испания
Жаҳон чемпионати. 1/2 финал

15 июлга ўтар кечаси, 00:00. AT&T Stadium (Арлингтон)

Бугун тунда жаҳон чемпионатида финалнинг илк иштирокчиси аниқланади. Ҳимояси кучли Испания ҳужумга урғу қаратган Францияга қарши. «Чемпионат» колумнисти Дмитрий Бажанов ЖЧ-2026 яримфиналидаги биринчи жуфтлик ўйини учун превю тайёрлади.

Франция ва Испания қаторасига иккинчи йирик турнирда тўқнашмоқда. Ва бу сафар ҳам – яримфиналда. 2024 йилги Европа чемпионатида испанларнинг ёш авлоди ҳақиқий кашфиётга айланган, қанотлардаги Ламин Ямал ва Нико Уилямснинг ҳаракатлари жамоа ўйинидаги ёрқинлик, дадиллик ва шижоатни таъминлаганди. Французлар эса аксинча, ортиқча прагматизм билан ҳафсалани пир қилганди. Диде Дешам танлаган ўйин услуби учун турнир давомида кучли танқидга учраган. Фақат натижа кўрсатиш орқалигина бу танқидлардан ҳимояланиш мумкин эди.

Якунда Ламин Ямал ўзининг мўъжизавий голини урган ўйинда Испания ғолиб чиқади (2:1). Ўшанда Дани Карваҳал йўқлиги (у чоракфиналда қизил карточка олгани учун дисквалификацияга учраганди) ҳам испанлар ғалабасига халал бермаганди. Ўнг қанот ҳимоясига унинг ўрнига фаолиятини якунлаш арафасида турган фахрий футболчи Хесус Навас туширилганди. Иккинчи бўлимда эса Наваснинг ўрнини номинал марказий ҳимоячи Дани Вивян эгаллаганди. Мбаппе бошчилигидаги ҳужум чизиғини тўхтатиш қийин бўлганди, аммо улар уддалашганди.

Кейинроқ, 2025 йилда, Франция ва Испания ўртасида яна бир яримфинал ўйини бўлиб ўтади – бу сафар Миллатлар Лигасида. Бу учрашувда испанлар ҳақиқий карнавал уюштириб, 5:4 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ҳисобга қараб, французлар тенгма-тенг ўйин кўрсатганини айтиш мумкин. Аммо амалда Луис де ла Фуэнте шогирдлари бу сафар ҳам ёрқин ўйин кўрсатиб, иккинчи бўлим бошларидаёқ 4:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишган, 80-дақиқагача 5:1 ҳисобида олдинда боришганди. Ўйин охирида ҳаддан ташқари хотиржамликка берилиб, французлар орадаги фарқни минимал даражада қисқартиришига имкон беришади, аммо ғалабани сақлаб қолишади.

Ҳозир, жаҳон чемпионатида жамоалар ўйин услуби борасида ролларни алмашиб олишган. Испания Евро-2024 ёки Миллатлар Лигасидаги каби ҳужумкор ўйнамаяпти. Франция эса, аксинча, Дешам бошқаруви давридаги энг ёрқин футболини намойиш этмоқда.

Миллатлар Лигасидаги сўнгги ўйинда Майкл Олисе сафда эди. Аммо асосий жамоага чақирилганига кўп вақт бўлмаганди. Бу вақтга келиб у «Бавария»да бир мавсум ўтказган ва эндигина катта юлдуз ролини ўзлаштираётганди.

Ҳозир эса Олисени французлар Мессиси дейиш мумкин. 1-турда Сенегалга қарши кечган ўйиннинг биринчи бўлимида французлар ҳеч нарса қила олишмади, танаффусда Дешам уни ўнг қанотдан марказга кўчирди ва ишлар юришиб кетди. Шундан кейин жамоа шу схемани сақлаб қолмоқда: Мбаппе – олдинда, Усмон Дембеле ҳужумнинг ўнг қанотида, чап қанотда Дезире Дуэ ёки Брэдли Барколя, «ўнлик» позицияси эса Олисега топширилган.

Айтиш мумкинки, Францияда нолинчи йиллардан буён бу қадар кучли жамоа (ҳам таркиб, ҳам ўйин услуби борасида) бўлмаганди. Таркиб борасида эса ушбу жамоа тарихдаги энг кучлиси ҳам бўлиши мумкин. Ўйинга келадиган бўлса, энди французлар йўлидан чиққан рақибни шунчаки олиб ташлаш билан чекланмаяпти, улар буни жуда чиройли тарзда амалга оширмоқда.

Ҳатто ҳозирги Франция – футбол тарихидаги энг кучли жамоа экани ҳақидаги фикрлар ҳам янграмоқда. Гап француз футболи тарихидаги эмас, бутун футбол тарихидаги энг кучли жамоа бўлиш ҳақида кетмоқда. Бундай хулосага келишга ҳали эрта. Буни тасдиқлаш учун аввало титул қўлга киритиш талаб этилади. Аммо ҳозирги Францияда улуғворлик даъвоси учун титулдан бошқа ҳамма нарса бор. Ва соврин ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бунинг учун атиги икки қадам қолган.

Яримфиналда французларни Испания кутмоқда, лекин бу жамоа 2024 йилги Европа чемпионати ва 2025 йилги Миллатлар лигасидаги жамоа билан солиштирганда бироз кучсизлашган. Икки йил олдин бу жамоа олтиндек ярақлаётганди, ҳозир эса бироз хиралашган. Нико Уилямс жаҳон чемпионатига жароҳат билан келди, қолаверса, у «Атлетик»да ҳам кучли мавсум ўтказа олмади. У Европа чемпионатидаги каби ўйин кўрсатиш ҳолатида эмасди. Де ла Фуэнтеда эса бу позиция учун шу даражадаги футболчи йўқ. Ҳужумнинг ўнг қаноти эгаси бўлган Ямал ҳам ЖЧ арафасида жароҳат олди ва формасини турнир давомида тиклашига тўғри келди.

Айнан қанотлар Испаниянинг Евродаги ёрқин ўйинларининг асосий манбайи бўлганди. Ўйин майдон марказидан қурилган, қанотлар эса тезкорлик қўшган, ўйинни шиддат ва динамика билан тўлдирган. Ямал энг яхши формасида бўлмаса-да, ҳозир ҳам шуларнинг барчасини беришга ҳаракат қилмоқда. Уилямснинг ўрнида эса Алекс Баэна ўйнамоқда. У ҳимоячилар ортида ўзини таклиф этадиган, дриблинглари билан рақибларни шошириб қўядиган футболчи эмас. Баэна – паслар билан хотиржам ўйнайдиган футболчидир. У тўпни ўйинга киритишда фаол иштирок этади, аммо рақиб ҳимоя чизиғида ёнғин келтириб чиқара олмайди.

Ҳозирги Испания қайсидир жиҳатдан 2010 ва 2012 йиллардаги жамоани эслатади. Гап таркиблар даражаси ҳақида эмас, балки ўйин услублари ҳақида бормоқда. Де ла Фуэнте жамоаси ҳам Висенте дел Боскенинг «енгилмас армадаси» каби тўпни назорат қилиб рақибни қийнайди ва ҳеч қаерга шошилмайди: рақиб мудофаасини ёриб ўтиб бўлмаяптими? Ҳечқиси йўқ, биз тўпни ушлаб турамиз ва бўш зона пайдо бўлишини кутамиз.

Ҳозирги Испания ёрқин ўйин кўрсатмайди. Саудия Арабистони 4:0, Австрия 3:0 ҳисобида мағлуб этилганини бу фикрнинг акси сифатида мисол қилиш мумкин, аммо бу ерда рақиблар даражасини ҳам инобатга олиш лозим. Австрияликлар, саудияликларга қараганда яхшироқ, аммо Испания билан ўйинда Ралф Рангник шогирдлари умуман ўзига ўхшамади. Де ла Фуэнтенинг йигитлари эса, аксинча, ўша куни турнирдаги энг кучли ўйинини ўтказди.

Шу билан бирга, Кабо-Вердега қарши ўйинда испанлар гол уролмаган (0:0), Уругвай, Португалия ва Белгияни эса минимал ҳисобларда енга олганди. Де ла Фуэнте жамоаси рақибнинг чуқур ва тиғиз ҳимоясини ёриб ўтишда қийналади. Шу билан бирга, жамоа бутун турнир давомида атиги битта гол ўтказди, Унаи Симон ЖЧда «қуруқ» дақиқалар билан рекорд ўрнатди. Бу эса Испания ҳимоя чизиғи рақиблар қарши ҳужумга чиқишга деярли йўл қўймаганини англатади.

Шу билан бирга, Белгия билан ўйиннинг иккинчи бўлими алоҳида олинса – у ерда испанлар ҳимояланишга ҳам мажбур бўлди. Бундай паллалар кўп бўлмади, аммо нима бўлганда ҳам де ла Фуэнте жамоаси ноқулайлик ҳис қилди. Агар Белгиянинг омади келганида, қарши ҳужумлардан бирини гол билан якунлаши мумкин эди. Ва у ҳолда бугун тунда Франциянинг яримфиналдаги рақиби бутунлай бошқа жамоа бўларди.

Испания қандай ўйнаши – маълум. Жамоа фақат тўп назоратига урғу қаратади. Рақиб ким бўлишининг испанларга фарқи йўқ. Бу жамоанинг ўз фалсафаси бор ва ундан ортга чекинмайди. Франция қандай ўйнаши эса савол остида. Улар исталган услубда ўйнашга қодир. Агар хоҳлашса, Испаниянинг ўрнига тўпни назорат қилиш билан машғул бўлиши мумкин. Аммо барибир, эҳтимоли юқори вариант, бу ўйинда ҳам испанлар тўпга эгалик қилади, Мбаппе, Олисе, Дембеле ва Дуэ/Барколя эса имкон туғилиши билан ўқдек олдинга учишади.

Испания ЖЧда ҳали бу даражадаги ҳужум чизиғига, хусусан, бундай қарши ҳужум салоҳиятига эга жамоа билан тўқнашмаганди. Де ла Фуэнте жамоаси тўпга узоқ вақт эгалик қилиши мумкин, аммо қачондир тўп рақибга ўтади ва шундан кейин Франциянинг вақти бошланади. Бу жамоа олдинги чизиқда юқори савияли ижрочиларга эга, уларга эса ўйин тақдирини ҳал қилиш учун бир неча вазиятнинг ўзи етарли.

Шу билан бирга, Францияда ҳам бунгача ўз ўйинини жуда яхши йўлга қўйиб олган ва ўз йўлидан умуман оғишмайдиган рақиб бўлмаган. Испанлар учун рақиб бўлишининг аҳамияти йўқ. Улар одатдагидек ўйнашади. Бир томондан, бу Франция учун афзаллик. Нимани кутиш кераклиги аниқ бўлади. Бошқа томондан, испанлар буни жуда яхши уддалаётгани учун ҳам ўз услубидан чекинмайди. Испания қандай ўйнашини ҳамма билади – лекин ҳали ҳеч ким уларни мағлуб эта олгани йўқ. Нима бўлганда ҳам, олти ўйинда атиги битта гол ўтказиб юбориш – бу жуда яхши натижа.

Французлар ҳам кўп гол ўтказгани йўқ. Турнир стартида, ҳали турнирга мослашмаган ҳолатида Сенегал билан ўйинда битта, гуруҳ босқичининг учинчи турида, натижаси аҳамиятсиз бўлган Норвегияга қарши ўйинда яна битта.

Франция ва Испания қарама-қаршилигида ким биринчи бўлиб гол уриши муҳим. Бу ҳар қандай ўйинда ҳам муҳим масала. Аммо даражасига кўра бир-бирига жуда яқин бўлган икки жамоа жаҳон чемпионати яримфиналида ўйнаганида, ҳар бир деталнинг аҳамияти бир неча баробар ортади. Бундай ўйинларда арзимас нарсанинг ўзи бўлмайди. Ҳаммаси муҳим.

Французларда ҳозирча фақат ҳужумчилар гол уришмоқда. Олисе эса уларни голли узатмалар билан таъминламоқда. Испанларда эса ҳар бир ўйинда алоҳида бир футболчи ўзини кўрсатмоқда. Плей-оффда захира футболчиси Микел Мерино қаҳрамонга айланди. Асли позицияси таянч яримҳимоячиси бўлган бу футболчи Португалия ва Испанияга қарши ўйинларда захирадан тушиб, сўнгги дақиқаларда ўйинни ҳал қилди.

Мерино бу ишни Евро-2024 чоракфиналида Германия билан ўйинда бошлаганди. Испанлар унинг қўшимча бўлимлардаги голи эвазига ғалаба қозонган, кейин эса юқорида эсланган Францияга қарши яримфинал ўйинини ўтказганди. Кейин эса финалда инглизлар мағлуб этилиб, Европа чемпионати ғолиблиги қўлга киритилган.

Аммо ҳозир – бошқа тарих. Яна яримфинал, аммо – бошқа турнир, бошқа Испания ва бошқа Франция.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид