Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
НАТО нега Хитойни стратегик рақиб сифатида кўра бошлади?
НАТО узоқ йиллар давомида асосий эътиборини Европа хавфсизлиги ва Россияга қаратиб келди. Бугун эса алянс стратегиясида Хитой тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Чунки НАТОнинг асосий давлати – АҚШ узоқ истиқболда Хитойни ўзининг бош геосиёсий рақиби сифатида кўрмоқда.
Мавзу юзасидан сиёсий таҳлилчилар Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида фикр юритди.
— НАТО агарда мудофаа ташкилоти бўлса, Хитой унинг географик ҳудудидан минглаб километр узоқда. Унда нега Хитой асосий стратегик таҳдидлардан бири сифатида тилга олиняпти?
Анвар Йўлдошев: НАТО Хитойга Россияга кўрсатаётган ёрдами нуқтайи назаридан баҳо бермоқда. Чунки Хитой Россияга икки мақсадли маҳсулотлар – микрочиплар, ярим ўтказгичлар ва бошқа юқори технологик компонентларни етказиб бермоқда. Бундан ташқари, жамоатчиликка маълум бўлмаган турли иқтисодий ва технологик ҳамкорлик механизмлари ҳам мавжуд. Буларнинг барчаси Россиянинг саноат ва ҳарбий салоҳиятини сақлаб қолиш ҳамда мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шу сабабли НАТО бугунги кунда Хитойни муҳим стратегик таҳдидлардан бири сифатида кўрмоқда. Бироқ бу фақат Россияни қўллаб-қувватлаётгани билан боғлиқ эмас. Хитойнинг иқтисодий, технологик ва ҳарбий салоҳияти изчил ўсиб бормоқда. НАТО мамлакатлари ва АҚШ эса келажакда Хитой ўзлари учун энг йирик стратегик рақобатчилардан бири бўлишини инобатга олмоқда. Менимча, масаланинг моҳияти айнан шунда.
Камолиддин Раббимов: НАТОнинг таҳдидлар ҳақидаги тасаввури қандай эволюция қилганига қисқача тўхталиш керак. НАТО 1949 йилда ташкил этилган ва Совуқ уруш даврида унинг асосий таҳдид объекти социалистик лагер, хусусан, совет иттифоқи эди. Совуқ уруш тугаб, СССР парчалангач, қарийб йигирма йил давомида НАТО янги стратегик таҳдидни излаш билан банд бўлди.
Ўша даврда ҳатто НАТО ва Россия ўртасида ҳамкорлик кенгаши фаолият юритган, томонлар Брюссел ва Москвада мунтазам учрашиб, хавфсизлик масалаларида ҳамкорлик қилган. Эътиборли жиҳати шундаки, ўша йилларда Хитой НАТО таҳдидлари рўйхатида умуман тилга олинмаган.
2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг НАТО асосий таҳдид сифатида диний экстремизм ва у билан боғлиқ халқаро терроризмни кўра бошлади. Бироқ вақт ўтиши билан мусулмон дунёси Ғарб учун тизимли стратегик рақиб эмаслиги аён бўлди. Аксинча, АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчилари Саудия Арабистони ва бошқа араб монархиялари бўлиб қолди.
Сўнгги ўн-ўн беш йил давомида эса АҚШ сиёсий элитаси XXI асрдаги асосий стратегик рақиб Хитой Халқ Республикаси бўлади, деган хулосага келди. Чунки Хитой иқтисодий, технологик ва ҳарбий жиҳатдан жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда у дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти ва иккинчи энг қудратли ҳарбий давлатидир.
Харид қобилияти паритети бўйича эса Хитой иқтисодиёти аллақачон дунёда биринчи ўринга чиққан. Аҳолиси 1 миллиард 400 миллиондан ортиқ бўлгани сабабли Хитой дунёдаги энг йирик қуролли кучлардан бирига эга. Денгиз флотида ҳам сезиларли ўсиш кузатилмоқда, ҳарбий кемалар сони бўйича Хитой АҚШга яқинлашди, айрим кўрсаткичларда эса ундан ўзиб кетди. Бироқ флотнинг умумий тоннажи ва глобал ҳарбий имкониятлари бўйича АҚШ ҳануз устунлигини сақлаб турибди.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, Хитойнинг ҳарбий модернизацияси жуда тез суръатларда давом этмоқда. Ҳозирги кунда тўлиқ ядровий триадага эга давлатлар учта: АҚШ, Россия ва Хитой. Бу эса Пекиннинг глобал стратегик салоҳияти кескин ортаётганини англатади. Шу боис АҚШ узоқ муддатли истиқболда Хитой билан геосиёсий рақобат муқаррар, деган қарашни илгари сурмоқда. НАТО ичида ҳам айнан АҚШ ушбу стратегик ёндашувни белгиловчи асосий куч ҳисобланади.
Бироқ иттифоқнинг барча аъзолари бу масалага бир хил қарашда эмас. Масалан, айрим Европа давлатлари учун Хитой бевосита ҳарбий таҳдид сифатида кўрилмайди. Туркия ҳам Пекин билан муносабатларда ўзига хос ёндашувга эга. Гарчи уйғурлар масаласи Анқара учун муҳим омиллардан бири бўлса-да, амалий сиёсатда иқтисодий ва стратегик манфаатлар ҳам инобатга олинади.
АҚШ эса НАТОнинг эътиборини тобора кўпроқ Ҳинд-Тинч океани минтақасига қаратишга интилмоқда. Бу жараён айниқса Жо Байден президентлиги даврида яққол намоён бўлди. НАТО саммитларига Япония ва Жанубий Корея раҳбарларининг таклиф этилиши ҳам шу стратегиянинг бир қисми эди. Ўша даврда асосий эътибор нафақат Россияга, балки узоқ муддатли стратегик рақиб сифатида Хитойга ҳам қаратилди.
Доналд Трамп ҳокимиятга қайтгач, НАТО кун тартибида айрим устуворликлар вақтинча ўзгаргандек таассурот уйғотди. Бироқ умумий стратегик йўналиш ўзгараётгани йўқ, АҚШ ва Ғарб давлатлари Хитойнинг таъсирини чеклашни узоқ муддатли мақсад сифатида сақлаб қолмоқда. Глобаллашган дунёда хавфсизлик, иқтисодиёт ва геосиёсий рақобат бир-биридан ажралмас тушунчаларга айланди. Шу сабабли НАТО фаолиятининг географик доираси кенгайиб бориши ва Хитой омилининг иттифоқ стратегиясида тобора муҳим ўрин эгаллаши эҳтимоли юқори.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.