Ўзбекистон | 09:02
2447
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сафарбарлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжатда сафарбарликни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, давлат органларининг ваколатлари ҳамда ҳарбий хизматга чақирилувчиларни бронлаштириш тартиби такомиллаштирилган бўлиб, лойиҳа кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди.

Қонун лойиҳасига кўра, сафарбарлик мамлакат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида давлат органлари, ташкилотлар, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини уруш даври шароитида фаолият кўрсатишга тайёрлашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини назарда тутади.

Шунингдек, давлат учун муҳим вазифаларни узлуксиз бажаришни таъминлаш мақсадида айрим ходимларни ҳарбий хизматга чақиришдан вақтинча озод этишни назарда тутувчи бронлаштириш тартиби ҳам белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланиш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида қайта ишланган. Унда ҳуқуқий тушунчалар аниқлаштирилиб, амалдаги қонунчиликда қўлланилаётган атамалар билан мувофиқлаштирилган, такрорланувчи ва ортиқча нормалар чиқариб ташланган.

Ҳужжатда сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарликнинг асосий принциплари ҳам ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштирилган. Шу билан бирга, принцип хусусиятига эга бўлмаган айрим нормалар чиқарилиб, қонуннинг ҳуқуқий аниқлиги ва уни қўллашда ягона ёндашувни таъминлашга эътибор қаратилган.

Лойиҳада парламент, ҳукумат, вазирлик ва идораларнинг сафарбарлик соҳасидаги ваколатлари қайта кўриб чиқилган. Давлат сафарбарлик режасини тасдиқлаш, чақирилувчилар ва ҳарбий хизматга мажбурларни бронлаштириш, шунингдек, давлат сафарбарлик захирасини шакллантириш билан боғлиқ ҳуқуқий механизмлар янада аниқлаштирилган.

Бундан ташқари, давлат сафарбарлик режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сафарбарлик ресурслари ҳамда давлат сафарбарлик захирасини шакллантиришга оид тартиблар такомиллаштирилган. Асосий сафарбарлик тадбирлари тизимлаштирилиб, ўзаро такрорланувчи ва ортиқча нормалар қисқартирилган.

Депутатлар таъкидлашича, қонун қабул қилиниши сафарбарлик соҳасидаги муносабатларни ягона ҳуқуқий асосда тартибга солиш, давлат органлари ва ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ваколат ҳамда мажбуриятларни аниқ белгилаш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилиниб, кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди.

https://t.me/qonunchilikpalatasi/36732

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш