Жамият | 17:52
1142
2 дақиқада ўқилади

Ўзини ўзи банд қилганларга ижтимоий солиқ тўлаш мажбурий бўлиши мумкин

Ҳозир ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ихтиёрий равишда солиқ тўламоқда. Кейинчалик бу мажбурий бўлиши мумкин.

Фото: Freepik

Ўзини ўзи банд қилган шахсларга ижтимоий солиқ тўлашни мажбурий қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

«Ҳозир 2,8 миллион нафар ўзини ўзи банд қилган фуқародан 800 мингга яқини ихтиёрий равишда солиқ тўлайди. Пенсия жамғармасига базавий ҳисоблаш миқдорида (412 минг сўм) тўлов қилса, уларга бир йиллик иш стажи автоматик ҳисобланади. Мана шуни рағбатлантириш мақсадида мажбурий тартибда белгилаш тизимини жорий қилмоқчимиз», деди у.

Унга кўра, фуқароларнинг тўлаган пулларидан Ижтимоий суғурта жамғармасига ажратмалар жорий қилинади. Янги тизимда келгусида бола парвариши ёки касаллик сабаб нафақа таътилига чиққанларга нафақа олиш имконияти яратилади.

«Давлат раҳбари шу бўйича алоҳида топшириқлар берди, таклифларимизни маъқуллади», деди вазирлик расмийси.

Таъкидланишича, ҳозир Пенсия жамғармасидан молиялаштирадиган пенсионерлар сони 4,3 миллиондан ошган. Уларга 2026 йилда жами 86 триллион сўм тўлаш белгиланган. Бу жон бошига ойига ўртача 1,66 миллион сўмдан тўғри келади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид