Ўзбекистон | 09:25
1069
2 дақиқада ўқилади

Шаҳар ва қишлоқлар бош режалари бўйича янги талаблар жорий этилди

Ўзбекистонда шаҳар ва қишлоқларни ривожлантиришга оид бош режаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш тартиби такомиллаштирилади. Янги талабларга кўра, мастер режалар ягона электрон реестрда рўйхатдан ўтказилади, рўйхатдан ўтмаган ҳужжатлар асосида қурилиш ва инвестиция фаолиятига йўл қўйилмайди.

Сунъий интеллект яратган сурат

Бу президентнинг «Урбанизация ва уй-жой қурилиши соҳасида ислоҳотларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 ноябрдан Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси томонидан мастер режаларнинг ягона электрон реестри юритилади. Барча мастер режаларнинг рақамлаштирилган нусхалари ушбу реестрда сақланади.

Шунингдек, электрон реестрда рўйхатдан ўтказилмаган мастер режаларни амалга ошириш, шунингдек, улар асосида шаҳарсозлик, қурилиш, инвестиция ва бошқа фаолият турларини олиб бориш тақиқланади.

Янги тартибга кўра, аҳоли пунктининг бош режаси тасдиқланган кундан бошлаб уч ой ичида уни амалга ошириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши шарт.

Комплекс дастурлар 3 йилдан 5 йилгача бўлган давр учун тузилади. Уларда режалаштирилган тадбирларни молиялаштириш манбалари ва амалга ошириш муддатлари аниқ белгиланиши лозим.

Шунингдек, комплекс дастурларнинг бажарилиши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар кенгашлари мажлисларида муҳокама қилиниб, унинг натижалари оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилади.

Қарорга асосан, бош режаси мавжуд бўлмаган ёки ишлаб чиқилганига ўн йилдан ортиқ вақт ўтган аҳоли пунктларининг бош режалари ҳамда батафсил режалаштириш лойиҳалари республика бюджети маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқилади. Бу ҳудудларни замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида ривожлантириш ва режалаштириш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши қайд этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид