Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача тасдиқланган бош режаси интерактив харитаси ижтимоий тармоқда пайдо бўлди. Қурилиш, уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Kun.uz’га маълум қилишича, бу харита «Тошкентбошпланлити» ДУК томонидан анча аввалроқ ишлаб чиқилган. Аммо вазирлик расман ўзининг тармоқларида бу ҳақда хабар бермаган.

Айрим манбалар харитада бузилиши мумкин бўлган уй-жойлар ва бошқа объектлар тасвирланганини айтиб чиқди. Хусусан, ёпиқ каналлардан бирида «энди ер ёки уй сносга тушадими-йўқми – осонликча билиб олиш мумкинлиги»ни айтиб, харитага ҳаволани эълон қилди.

Айнан «снос»ларга оид муҳокамалар фонида сайт ишламай қолди. Тармоқ фойдаланувчилари ҳавола вазирлик томонидан ёпилгани ҳақида айтиб чиқишди.

«Қурилиш вазирлиги икки кун ўтмасдан Тошкент шаҳрининг тасдиқланган бош режаси интерфаол харитасини ёпиб қўйди. Ушбу линк орқали ҳар ким ўзи яшаётган ҳудуднинг “снос”га тушган-тушмаганини билиб олиши мумкин эди. Ноқулай саволлар кўпайгани учун бош режа оммадан “яшириб” қўйилмаган деб умид қиламиз…», – дейди фойдаланувчилардан бири.

Вазирлик расмий изоҳига кўра, аслида ҳолат бундай эмас, Тошкент шаҳар бош режаси ҳаволасига киришда юклама ортгани сабаб расмий сайтда узилишлар кузатилмоқда. Орадан кўп ўтмай, вазирлик кейинги муносабатида сайт ишлай бошлаганини хабар қилди.

«Айни пайтга келиб муаммо бартараф этилди. Ҳозирда Тошкент шаҳар бош режаси интерфаол харитаси тўлиқ ва узлуксиз ишламоқда», – дейилади изоҳда.

Аммо сайтдаги харитада рангларга ажратилган ҳудудлар бир кўриниб, бир кўринмаяпти.