Ўзбекистон | 09:00
1219
9 дақиқада ўқилади
Реклама

Тошкент давлат тиббиёт университети дунё университетлари ТОП-1000 лигида

Times Higher Education (THE) агентлиги эълон қилган Sustainability Impact Ratings 2026 натижаларига кўра, Тошкент давлат тиббиёт университети илк бор дунёнинг топ-1000 университети қаторидан жой олди. Университет «Соғлиқ ва фаровонлик» (SDG 3) йўналиши бўйича дунёда ТОП-100 олигоҳлари орасида жой олиб жаҳонда 81-ўринни, Ўзбекистон олий таълим муассасалари орасида эса биринчи ўринни эгаллади. Бу натижа 2030 йилга мўлжалланган стратегик мақсадлардан бири режалаштирилган муддатдан аввал бажарилганини кўрсатди.

Фото: Тошкент давлат тиббиёт университети

Университет бу натижага қандай эришди?
Жорий йил 24 июн куни Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган Global Sustainable Development Congress–2026 форумида Times Higher Education (THE) халқаро рейтинг агентлиги ўзининг Impact Rankings–2026 натижаларини эълон қилди.

Унга кўра, Тошкент давлат тиббиёт университети 601–800-ўринлар гуруҳидан жой олиб, дунёнинг топ-1000 университети қаторига кирди. Рейтинг университетларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти белгилаган 17 та Барқарор ривожланиш мақсадини амалга оширишга қўшаётган ҳиссаси асосида шакллантирилади. Бунда таълим сифати, илмий тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, инновациялар, ижтимоий масъулият, атроф-муҳитга муносабат ва халқаро ҳамкорлик каби қатор мезонлар ҳисобга олинади.

Тошкент давлат тиббиёт университети учун энг муҳим натижалардан бири «Соғлиқ ва фаровонлик» (SDG 3) йўналишида қайд этилди. Университет ушбу мезон бўйича дунёда 81-ўринни, мамлакатимизда эса биринчи ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич тиббий таълим билан бирга клиник фаолият, илмий тадқиқотлар, профилактика дастурлари ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни ҳам қамраб олади.

Бу натижа университет учун фақат навбатдаги рейтинг эмас. У сўнгги йилларда таълим мазмунини янгилаш, илмий фаолиятни кучайтириш, клиник амалиётни такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўлида амалга оширилган ўзгаришларнинг халқаро мезонлар асосида баҳоланганини англатади.

Халқаро рейтингга олиб келган ўзгаришлар

Тошкент давлат тиббиёт университети бугун Марказий Осиёдаги йирик тиббий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университетда 4,5 мингга яқин профессор-ўқитувчи 32 мингдан зиёд талабага бакалавриат, магистратура, клиник ординатура ва докторантура босқичларида таълим беради.

Сўнгги йилларда университетда таълим тизими тубдан қайта кўриб чиқилди. Буюк Британия, Германия, Италия, Литва, Туркия, Жанубий Корея ва Хитой каби давлатлар мутахассислари иштирокида Халқаро экспертлар кенгаши ташкил этилди. Улар иштирокида ўқув режалари ва таълим дастурлари қайта ишланиб, айрим йўналишлар дунёнинг етакчи университетлари тажрибаси асосида янгиланди.

Шу билан бирга, компетенцияга асосланган таълим моделини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Германиянинг GIZ ташкилоти, етакчи хорижий университетлар ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда янги ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.

Университет инфратузилмаси ҳам босқичма-босқич модернизация қилинди. Аудиториялар, лабораториялар ва симуляция марказлари замонавий тиббий ускуналар, робот-симуляторлар, фантомлар ҳамда рақамли технологиялар билан жиҳозланди. Таълим жараёнига виртуал лабораториялар, VR ва AR технологиялари, сунъий интеллект элементлари ҳамда интерактив платформалар кириб келди.

Таълим жараёнида дуал ёндашув кенгайтирилди. Энди талабалар назарий билимларни аудиторияларда ўзлаштирса, амалий кўникмаларни университет клиникалари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, кўп тармоқли шифохоналар, поликлиникалар ва хусусий клиникаларда мустаҳкамламоқда. Бу эса битирувчиларнинг касбий тайёргарлиги ва меҳнат бозорига мослашувини оширишга хизмат қилмоқда.

Университетнинг инфратузилмаси

Университетнинг инфратузилмаси замонавий ва уникал бўлиб, ўз ичига 3 та кампус (бош кампус, педиатрия ва стоматология кампуслари), 3 та кўп тармоқли университет клиникалари, 3 та академик лицей, 2 та минтақавий филиал, энг сўнгги русумдаги робот-симуляторлар, фантомлар, асбоб-ускуналар ва зарур ўқув жиҳозлари билан жиҳозланган Ўқув-симуляция марказлари, ахборот ресурс марказлари, 10 та марказ, 11 та ўқув бинолари, 14 та талабалар турар жойлари, 13 та факултет ва 111 та кафедрани олган.

Англия, Германия, Литва, Италия, Корея, Туркия, Хитой каби мамлакатлардан 10 дан ортиқ хорижлик экспертлардан иборат Халқаро экспертлар кенгаши таъсис этилиб, университетнинг ташкилий тузилмаси, мавжуд ўқув дастурлари ва ўқув режаларини шакллантиришда уларнинг илғор хорижий тажрибага асосланган таклифлари, хулосалари ва тақризлари олиниб, университетдаги таълим тизими қайта кўриб чиқилди. Бунда 6 та бакалавриат таълим йўналишининг ўқув режалари ва малака талаблари халқаро стандартларга мослаштирилди, ўқув дастурлар ТОП-300 таликка кирган ОТМларнинг ўқув дастурлари асосида такомиллаштирилди. GIZ (Германия), Любек университети (Германия) ва бошқа хорижий ҳамкорлар иштирокида хорижий илғор тажриба асосида компетенцияга йўналтирилган дастурлар ишлаб чиқилди.

Университет фаолиятини ривожлантириш учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш мақсадида барча ўқув аудиториялари, маъруза заллари ҳамда илмий ва ўқув лабораториялари тўлиқ модернизация қилинди, замонавий тиббий асбоб-ускуналар, лаборатория реактивлари, фантом ва муляжлар билан жиҳозлаш орқали таълим жараёни ва илмий изланишларни чуқурлаштириш имконияти яратилди, лабораториялар фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун методик йўриқномалар ишлаб чиқилди ва фаолиятга жорий қилинди.

Таълим жараёни тубдан трансформация қилинди: кредит-модул тизими, замонавий педагогик технологиялар, виртуал лабораториялар, VR/AR технологиялари, робот-симуляторлар ва сунъий интеллектга асосланган интерактив платформалар жорий этилди.

Университетда дуал таълим тизими жорий қилиниб, талабалар назарий билимни аудиторияда, амалиётга оид билим ва кўникмаларини эса бевосита университетнинг клиник базалари ҳисобланган тиббиёт муассасаларида ўзлаштириш ва мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлди. Университет клиник базалари сони кенгайтирилиб, таълим жараёни республикамизнинг етакчи тиббиёт марказлари (университет клиникалари, республика ихтисослаштирилган илмий амалий тиббиёт марказлари, шахар (вилоят) шифохоналари, оилавий поликлиникалар, хусусий шифохоналар, санитар-эпидемиологик осойишталик ташкилотлари)нинг юқори технологияли лабораториялари ва клиник материаллардан самарали фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида таълим сифати ва битирувчиларнинг касбий тайёргарлиги сезиларли даражада ошди.

Университетнинг халқаро майдондаги нуфузи ва мавқейи тобора ошиб бормоқда. Бугунги кунда 190 та хорижий университет ва тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик ўрнатилган, 27 та таълим йўналиши Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси талабалари асосида халқаро аккредитациядан ўтган, хорижий ҳамкорлар билан 37 та қўшма таълим дастури амалга оширилмоқда. 30 дан ортиқ давлатдан келган 3,5 мингдан зиёд хорижий талабалар университетимизда таҳсил олмоқда.

Рейтинг ортида турган стратегия

Халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш тасодиф ёки қисқа муддатли кампания маҳсули эмас. Бу йиллар давомида шаклланган тараққиёт стратегияси, аниқ режалаштирилган бошқарув ва тизимли меҳнатнинг натижасидир. Тошкент давлат тиббиёт университетининг THE Impact Rankings–2026 рейтингидаги муваффақияти ҳам айнан шу тамойилларга таянган ҳолда қўлга киритилди.

Сўнгги йилларда университет ўз олдига фақат малакали шифокор тайёрлаш вазифасини эмас, балки халқаро рақобатбардош илмий-таълим марказини шакллантириш мақсадини қўйди. Бу эса таълим мазмунини янгилаш, илмий тадқиқотларни кенгайтириш, клиник амалиётни такомиллаштириш ва бошқарув тизимини замон талаблари асосида ислоҳ қилишни талаб этарди.

Аввало, таълим жараёни рақамли технологиялар билан бойитилди. Симуляцион марказлар ташкил этилди, виртуал таълим платформалари жорий қилинди, сунъий интеллект элементларини тиббий таълимга татбиқ этиш бўйича дастлабки қадамлар ташланди. Бу ўзгаришлар талабаларнинг назарий билимларини амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш имконини кенгайтирди.

Шу билан бирга, университет халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият берди. Академик мобиллик дастурлари кенгайди, хорижий профессорлар иштирокида маърузалар ва маҳорат дарслари ташкил этилди, қўшма илмий тадқиқотлар кўлами кенгайди. Бу эса профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун халқаро тажрибани ўзлаштириш имкониятини яратди.

Бироқ университет тараққиётининг энг муҳим омили — илм-фанга муносабатнинг ўзгарганидир. Илмий фаолият энди фақат диссертация ёзиш ёки мақола чоп этиш билан чекланмайди. Университетда илмий ғоянинг амалиётга татбиқ этилиши, тадқиқот натижаларининг клиник фаолиятга жорий қилиниши ва уларнинг жамият саломатлигига хизмат қилиши асосий мезон сифатида қаралмоқда.

 

Айни пайтда университетда фундаментал ва амалий тиббиёт интеграцияси кучайиб, тиббиётнинг долзарб муаммоларига инновацион ечимлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ёндашув нафақат илмий самарадорликни оширмоқда, балки университетнинг халқаро илмий майдондаги нуфузини ҳам мустаҳкамламоқда.

Таълим, илм-фан ва клиник амалиётни бир бутун тизим сифатида ривожлантириш орқали Тошкент давлат тиббиёт университети ўзининг стратегик тараққиёт моделини шакллантирди. Бугун халқаро рейтингларда қайд этилаётган натижалар ана шу моделнинг самарадорлигини тасдиқламоқда.


 Реклама ҳуқуқи асосида

Мунира Тошниёзова
Тайёрлаган Мунира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид