Жамият | 09:55
1461
1 дақиқада ўқилади

Навоийда ИИБ терговчиси пора олишда қўлга тушди

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида Ички ишлар бўлими терговчиси хизмат мавқеидан фойдаланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилган мобил телефонни қайтариб бериш эвазига пора олган вақтида қўлга тушди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан коррупцияга қарши курашиш йўналишида ўтказилган тезкор тадбирда Қизилтепа тумани ИИБ Тергов гуруҳи катта терговчисининг қонунга зид ҳаракатлари фош этилди.

Тергов маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 июл куни ички ишлар органлари томонидан телефони хотирасида тақиқланган диний материаллар бўлиши эҳтимоли билан 2003 йилда туғилган фуқаронинг iPhone 17 Pro Max русумли телефони олиб қўйилган.

Терговчи мазкур телефонни эгасига қайтариб бериш эвазига икки нафар воситачи орқали 1000 АҚШ доллари олган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид