Соғлом парҳез

Энг аввало, таомномангизни қайта кўриб чиқинг.

Қайси маҳсулотларга ЙЎҚ дейиш керак? Юқори миқдордаги транс-ёғларга бой маҳсулотларга. Улар "яхши холестерин"нинг пасайишига олиб келади ва шу тариқа юрак-қон томир касалликлари хавфини сезиларли даражада оширади.

Қайси маҳсулотларга ҲА дейиш керак? Клетчаткага бой маҳсулотларга. У "ёмон холестерин"ни йўқ қилиб,  организмга губка каби таъсир қилади. Булар - мевалар, сабзавотлар ва кепакли маҳсулотлар. Соғлом ёғларни рад этманг. Сиз уларни ёнғоқлар, бодом ёғи, кунжут ва зиғир уруғларида топишингиз мумкин.

"Ёмон холестерин" миқдорини пасайтиришда Омега-3 ёғ кислоталарига бой маҳсулотлар ҳам катта фойда беради. Улар ёғли балиқлар (лосось, тунец ва сардин)да кўп бўлади.

Фаоллик — саломатлик гарови

Ҳатто оддий машқлар ҳам, масалан, тез юриш холестерин миқдорини бошқаришга ёрдам беради. Жисмонан фаол кишиларда “яхши холестерин” нофаол ҳаёт тарзини олиб борувчиларга нисбатан тахминан 5 фоизга кўп бўлади. 

Зарарли одатларингиздан воз кечинг

Агар сиз холестеринни дори воситаларисиз пасайтиришни истасангиз, у ҳолда спиртли ичимликлар истеъмолини чекланг. Холестерин миқдори аномал равишда кўп бўлишига яна бир сабаб - чекиш. Бу зарарли одат “яхши холестерин” даражасининг пасайишига олиб келади ва диабет ҳамда қон босимининг ошиши каби касалликлар хавфини оширади. Мутахассисларнинг аниқлик киритишича, инсон чекишни ташлаганида унинг "яхши холестерини" кўпаяди.

Буларнинг барчаси - соғлиқни яхшилашнинг энг оддий усуллари. Одатлар ва турмуш тарзини ўзгартириш нафақат холестерин даражасини пасайтиришга, балки умумий саломатликни яхшилашга ҳам ёрдам беради.