Давлат солиқ қўмитаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими хабарига кўра, мазкур қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти тугатилиб, уларда ишлайдиган жами 1245 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Маълумки, бундан бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Давлат солиқ қўмитасининг ҳудудий давлат солиқ органларига юборилган, Солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш ва барча солиқ текширувлари таъқиқланиши тўғрисидаги махсус топшириғи тарқалган эди.
Бундай турдаги назорат тадбирларини ўтказиш айнан фаолияти тугатилган тузилма ваколатига кирар эди. Шунинг учун Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат солиқ хизмати органларидаги айрим нопок ходимлар томонидан коррупцион ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида махсус топшириқ юборилган.

