Ишни диск сотишдан бошлаган миллиардер
Маэдзава 1975 йилда Япониянинг Камагая шаҳарчасида бухгалтер ва уй бекаси оиласида туғилган. 1991 йилда ўзи ўқиётган мактабда Switch Style рок гуруҳига асос солган ва гуруҳда барабанчилик қилган.
Ўқишни битиргач, АҚШга йўл олган ва у ерда таниқли хонандаларнинг CD-дисклари ва пластинкаларини коллекция қилган. 1995 йилда Юсаку Японияга бизнес ғоя билан қайтади. У тўплаган коллекция почта орқали мусиқий CD-дисклар етказиб берувчи компания ташкил этилишига асос бўлади.
1998 йилда 22 ёшли Маэдзава Start Today фирмасини очади. Фирма интернет буюртмалар асосида таниқли хонандаларнинг қўшиқлари ёзилган компакт-дискларни сотиш билан шуғулланади. Бир неча йилдан кейин эса ёш тадбиркор Zozotown деб номланган кийим-кечак сотиладиган интернет-магазинни ташкил қилади.
Маэдзаванинг дастлаб тўрт киши ишлаган компаниясида 2018 йилга келиб ходимлар сони 900га етди, Zozotown эса Япониядаги кийим-кечак савдоси билан шуғулланувчи энг йирик интернет-магазин ҳисобланади. Forbes маълумотига кўра, Маэдзаванинг бойлиги 3 миллиард долларга яқин бўлиб, у Япониянинг энг бой кишилари рўйхатида 18-ўринда қайд этилган.
Санъат шайдоси
Маэдзава ватанида хайрия фаолияти орқали танилган. У 2003 йилда футболка сотишдан тушган 53 минг долларни хайрия фондига ўтказган. Шунингдек, ўзи туғилиб-ўсган Тиба префектурасидаги стадионни тиклаш учун бир миллион доллар ажратган.
Унинг компаниясида олти соатлик иш куни жорий этилган бўлиб, тадбиркорнинг фикрича, бу ходимларнинг ўз оилалари ва дам олишлари учун кўпроқ вақт ажратишларига имкон беради.
Маэдзава санъат шайдоси ҳамдир. У 2012 йилда замонавий санъат фондини ташкил этган. У ҳар йили 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган истеъдодли японияликларга ёрдам бериш учун 15 минг доллар ажратади.
Миллиардер ёш рассом ва мусиқачиларга грантлар тақдим этади ва Тибада бадиий музей очишни режалаштирган.
Маэдзава 2016 йилда Жан-Мишел Баския ва Пабло Пикассо картиналарини сотиб олиш учун 80 млн долларга яқин пул сарфлаган. 2017 йилда Жан-Мишел Баскиянинг номсиз картинасини 110 млн долларга сотиб олган.
Биринчи «космосайёҳ»
Космосга саёҳат Маэдзаванинг фикрича кўнгилхушлик эмас, арт-лойиҳа бўлиб, у инсонларни янги ижодга илҳомлантириши лозим. Миллиардер Big Falcon ракетасида ўзи билан учадиган саккиз нафар рассом, фотограф, мусиқачи, режиссёр, модельер ва архитекторлар учун жой сотиб олган. Маэдзава Ерга қайтишганидан сўнг санъат вакиллари парвоз таассуротлари асосида арт-лойиҳалар яратишларига умид қилмоқда.
Миллиардер саёҳат учун қанча пул тўлагани ошкор қилинмаяпти. Аввалроқ чипта нархи 35 миллион доллар бўлиши тахмин қилинганди.
