«Штутгарт» клуби расмий сайтида Бундеслиганинг 15-турида «Ҳерта»га қарши ўйиндан кейин (2:1), ўйин вақтида рўй берган фожиали ҳолат ҳақида хабар берди.

Маълум қилинишича, мезбонлар сардори Кристиан Гентнернинг отаси ўйин вақтида ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳушидан кетган. У бу вақтда ўғли иштирокидаги ўйинни томоша қилиш учун стадионга келганди. Шифокорлар футболчининг отасининг ҳаётини сақлаб қола олишмаган. Гентнер майдонда 90 дақиқа давомида ҳаракатланган.

«Клуб Гентнерга ва унинг оиласига чуқур ҳамдардлик билдиради ва қийин паллаларда қўллаб-қувватлашини маълум қилади», — дейилган «Штутгарт» баёнотида.

«Штутгарт» 15 турдан кейин 14 очко жамғарган ҳолда Германия чемпионати турнир жадвалида 15-ўринда жойлашган.