2019 йил 1 июлигача тоғ-металлургия тармоғининг йирик компанияларини маҳаллий ва халқаро фонд биржаларида акцияларни дастлабки ва иккиламчи жойлаштириш йўли билангина инвесторларни жалб қилишни кўзда тутувчи ислоҳ қилиш ва ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади.   

Тасдиқланган жадвалга кўра, “Ўзметкомбинат” АЖ акцияларини 2022 йилда, “Олмалиқ ТМК” АЖ 2023 йилда, акциядорлик жамиятига айлантириладиган “Навоий ТМК” 2023 йилда жойлаштириши керак. 

Ўз навбатида НТМКнинг қайта ташкиллаштирилиши 2019 йил 1 декабргача якунланиши лозим. Шавкат Мирзиёев ушбу корхонанинг давлат улушини танлов асосида профессионал бошқарувчи компанияларга ишончли бошқарувга бериш масаласи бўйича таклифлар киритишни топширган.  

2019 йилдан бошлаб тоғ-металлургия тармоғи корхоналарига молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ молиявий ҳисобот тузиш ва халқаро аудиторлик компанияларини жалб қилган ҳолда мустақил ташқи аудит ўтказиш мажбурияти қўйилди.  

Келгуси йилларда корхоналар ҳисобга олиш ва ҳисобот бўйича халқаро стандартлар тамойиллари ва талабларига мувофиқ корпоратив маълумотни ошкор қилиш тизимини татбиқ қилишлари лозим.