Қарорда судларнинг эътибори ФПК талабидан келиб чиққан ҳолда суднинг ҳал қилув қарори қонунга асосланган бўлиши лозимлигига қаратилди. Ҳал қилув қарори, унда иш учун аҳамиятга эга бўлган фактлар, суд томонидан текширилган далиллар билан тасдиқланган, уларнинг алоқадорлиги ва мақбуллиги қонун талабларига жавоб берадиган ёки суд ҳаммага маълум деб топган, исботлашга муҳтож бўлмаган ҳолатлар, шунингдек аниқланган фактлардан келиб чиқадиган якуний хулосалар акс эттирилганда, асослантирилган ҳисобланади.
Судья ҳал қилув қарорини алоҳида хонада (маслаҳатхонада) ишнинг муҳокамаси тугаганидан кейин дарҳол қабул қилиши шарт. Асослантирилган ҳал қилув қарорини тайёрлашнинг кечиктирилишига истисно ҳолларда, ўта мураккаб ишлар бўйича 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатга йўл қўйилади. Бундай ҳолларда ҳал қилув қарорининг фақатгина кириш ва хулоса қисмлари тайёрланади.
Ҳал қилув қарорининг хулоса қисми иш муҳокамаси тамомланган суд мажлисининг ўзида судья томонидан имзоланади, ўқиб эшиттирилади ва ишга қўшиб қўйилади. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисми эълон қилинганда, раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслар, уларнинг вакиллари асослантирилган ҳал қилув қарори билан қачон танишишлари мумкинлигини тушунтириши шарт ва бу суд мажлиси баённомасида акс эттирилади. ФПКга мувофиқ суднинг ҳал қилув қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмлардан иборат бўлиши керак. Қабул қилинган ҳал қилув қарорининг мазмуни у эълон қилингач, раислик қилувчи томонидан тарафларга тушунтирилиши шарт эканлигига судларнинг эътибори қаратилди.
* * *
Мажлисда муҳокама этилган «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини биринчи инстанция судида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарор лойиҳасида иқтисодий судларнинг эътибори низоларни Конституция, Иқтисодий процессуал кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига қатъий риоя этган, тарафларнинг тенг ҳуқуқлилиги, суд ишларини юритишнинг ошкоралиги, тортишувлиги ва одил судловнинг бошқа принципларини таъминлаган ҳолда ҳал этиш зарурлигига қаратилди.
ИПКга мувофиқ, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга мурожаат қилишга ҳақли. Бунда манфаатдор шахс деганда, ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисида мурожаат қилаётган шахс (даъвогар, қарши даъво аризаси бўйича эса жавобгар, аризачи, низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс) тушунилиши лозим.
Суд:
• манфаатдор шахсларнинг;
• прокурорнинг;
• давлат органларининг;
• қонун бўйича юридик шахсларнинг, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда бошқа органларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжати барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа органлар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлиб, мамлакатимизнинг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим. Судья томонидан имзоланган суд ҳужжатлари ишда қолдирилиши сабабли, унинг ишда иштирок этувчи шахсларга юбориладиган нусхалари «аслига тўғри» ёзуви киритилиб, суднинг гербли муҳри билан, агар суд ҳужжати электрон тарзда юборилса, у судьянинг ЭРИ билан тасдиқланган бўлиши лозим.
Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

