Давлат статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи Жаҳонгир Йўлдошев уй хўжаликлари кузатув жараёни натижаларини маълум қилди.
«Уй хўжаликлари кузатуви республиканинг барча ҳудудларида бир йилда жами 10 мингта хонадонда танланма усулда ўтказилади. Ҳар ойда 834та хонадонда ўрганиш объекти сифатида олинади. Улардан ахборот олишда бизга қуйи бошқарув органлари (маҳалла фуқаролар йиғини) яқиндан ёрдам беришади. 2018 йилда республика аҳолисининг узоқ муддат фойдаланиладиган буюмлар билан таъминланишига эътибор қаратиладиган бўлса, 100та уй хўжалигида телевизорлар – 155та, электр чангютгичлар – 55та, енгил автомобиллар – 44та, кондиционерлар – 35та, уяли алоқа воситалари – 262та тўғри келиши кузатилган. Шунингдек, уй хўжаликларининг шахсий уй ёки квартира билан таъминланганлик даражаси 98 фоизни ташкил этди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Йўлдошевнинг қўшимча қилишича, 2018 йилда уй хўжаликларининг Интернет тармоғига уланиш имконияти 80,9 фоизга тенг бўлди. Интернетдан фойдаланувчи 10 ёш ва ундан катта шахсларнинг улуши 55,2 фоизни, улардан эркаклар 60,4 фоизни, аёллар эса 50,2 фоизни ташкил этади.

