Харажатларнинг асосий қисми Токиога хорижий меҳмонларнинг келиши билан боғланган. Бу харажатлар маросимга таклиф қилинганларнинг кўп сондалиги туфайли 1990 йилги харажатларга нисбатан 5 маротаба кўпайган. Императорнинг тахтга ўтириши маросимига 174 давлат ва ҳудуднинг 400 вакили, жумладан 70 дан кўпроқ монарх ва давлатлар етакчилари таклиф қилинган. Меҳмонлар орасида, Бельгия, Бутан, Испания, Камбожа, Малайзия, Нидерландия қироллари, Британия валиаҳд шаҳзодаси Чарльз, Австрия, Ҳиндистон, Венгрия, Филиппин, Финляндия президентлари бор. Ўзбекистондан маросимда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Россиядан Федерация кенгаши раиси ўринбосари Илёс Умахонов, Хитойдан раис ўринбосари Ван Цишань, АҚШдан транспорт вазири Элейн Чао иштирок этади.

Бундан ташқари, харажатларнинг салмоқли қисми хавфсизликни таъминлаш билан боғланган. Бунга Токиога мамлакатнинг турли бурчакларидан келган 26 мингдан кўпроқ полициячи жалб қилинган. Токио аэропортларида эҳтиёткорликнинг алоҳида чоралари кўрилган, шаҳар марказидаги император саройи олдида патруллар ва блокпостларни кўриш мумкин. Бош маросим саройнинг “Қарағай зали”да бўлиб ўтади. Унда хорижий меҳмонлардан ташқари, Япония жамиятининг барча қатламларидан 1,6 мингдан кўпроқ киши – ҳокимиятнинг қонунчилик, ижрочилик ва суд органлари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, собиқ бош вазирлар, префектуралар губернаторлари, олимлар, спортчилар, ёзувчилар, тадбиркорлар иштирок этади.

Императорнинг тахтга ўтириши муносабати билан ўтказиладиган тантанали парад эса 10 ноябрга қолдирилди. Бу яқинда мамлакатга ёпирилган “Хагибис” тўфони оқибатларини бартараф этиш ва инфратузилмани тиклаш зарурати билан боғланган бўлиб, бундай шароитда параднинг ўтказилиши ноўрин деб топилган.