Йиғилишда UNICEF билан ҳамкорликда олиб борилган лойиҳалар натижалари таҳлил қилинди. Унда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, Жаҳон Банки, UNESCO, АҚШнинг RTI халқаро тадқиқот ташкилоти, Япония халқаро ҳамкорлик ташкилоти, Британия кенгаши, Осиё тараққиёт банки вакиллари иштирок этди.
“Халқаро ташкилотлар билан биргаликда яратилган лойиҳаларимиздан бири сифатида “Узлуксиз касбий таълим” платформаси ва Халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарликни айтиш мумкин. Халқ таълими тизими ходимларининг ҳар йили ўзлари истаган пайтда, онлайн тарзда малака оширишлари катта янгилик ҳисобланади. Олиб борилган ишлар, саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда платформада 50 мингдан зиёд педагог-ўқитувчи малака оширди.

Платформадаги контент ҳар йили янгиланади. Бу дегани ҳар йили ўқитувчи янги билим ва маълумотларга эга бўлади. Аввалгидек, беш йиллик малака маълумоти билан дарс бериш ҳозирги давр талабига жавоб бермайди”, дейди Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиев.
Тадбирда Осиё Тараққиёт банки билан ҳамкорликда STEM таълимини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш мақсадида мактаб раҳбарларининг салоҳиятини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланишича, STEM таълимини жорий этиш ва қишлоқ жойларда ўқитувчилар етишмаслиги юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

