Маълумотларга кўра, 30 ноябрда Аун Сан Су Чжига коррупция бўйича янги айблов билдирилган. Шу куни унга нисбатан қўзғатилган ишлардан бири бўйича ҳукм чиқарилиши кутилганди, бироқ у ҳеч қандай тушунтиришсиз 6 декабрга қолдирилган.
76 ёшли сиёсатчига нисбатан умумий ҳисобда 10 та жиноий айблов, жумладан давлат сирларини ошкор қилмаслик қонунини бузиш айблови билдирилган. Айбловларнинг аксарияти коррупция билан боғланган. Жумладан, унга вертолётни сотиб олишда давлат маблағларини сарфлаб юбориш ва 600 минг доллар миқдорида ҳамда тилла тақинчоқлар кўринишида пора олиш айбловлари қўйилган.
Аун Сан Су Чжи давлат маслаҳатчиси сифатида мамлакатни бошқариб келган. У парламент сайловлари натижаларини сохталаштириш айблови билан 1 февралдаги давлат тўнтаруви давомида ҳарбийлар томондан ҳокимиятдан четлатилганди.

