Дастлаб Камерун терма жамоасининг 4 нафар вакили - Амели Севани Мвуа, Апполин Мишель Абена Экобена, Ясмин Йотчум ва Жодель Кларис Мажуфан изсиз йўқолган. Улар коронавирусга тест топшириш учун келишмаган. Таъкидланишича, спортчиларни охирги марта 8 декабрда меҳмонхонадан таксида кетишаётганда кўришган.
14 декабрда эса Эрон терма жамоаси вакиласи Шоҳаёҳ Бапирий ҳам ғойиб бўлган. У ўтказилган учрашувлар бўйича ўз жамоаси етакчиси бўлган. 30 ёшли спортчининг йўқолиши тафсилотлари номаълум.
Бапирийнинг ғойиб бўлгани ҳақидаги хабар Халқаро гандбол федерациясида тасдиқланган. Жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси ушбу ҳолатларни тергов қилиш учун полицияга мурожаат қилган.
Аввалроқ, Токио Олимпиадаси вақтида угандалик штангачи Жулиус Ссекитолеко изсиз йўқолганди. Кейинроқ спортчининг Угандада ҳаёт оғирлиги сабабли у ерга қайтишни истамаётгани ҳақида қолдирган хати топилган.

